Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинлари дастуридан ўрин олган бугунги баҳсларда мухлисларимиз кутаётган илк ғалаба қўлга киритилди, дея хабар бермоқда Туризм ва спорт вазирлиги Ахборот хизмати.
Маълум қилинишича, “Кокугикан Aрена” спорт мажмуаси мезбонлик қилаётган бокс мусобақаларида бугун эркаклар ўртасида -69 кг вазн тоифасидаги баҳслар ўтказилди.
Унда ҳамюртимиз Бобоусмон Батуров Доминикан Республикаси вакили Эмилиано Поланкога қарши баҳс олиб борди.
Қизиқарли кечган жангда ҳакамлар бир овоздан ҳамюртимизнинг ғалабасини эътироф этишди – 4:0. Шу тариқа Бобоусмон Батуров бокс мусобақаларининг 1/8 финал босқичига йўл олди.
Таъкидлаш керак, бунгача бугунги баҳсларда иштирок этган икки вакиламиз – дзюдочи Фарангиз Хожиева ҳамда таеквондочи Светлана Осиповалар илк босқичдаёқ мағлубиятга учраган эди.






