Бу ҳақда 2021 йил 27 июль куни Олий Мажлис Сенати Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг мажлисида маълум қилинди.
Мажлисда Ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизимини жорий этиш тўғрисидаги масала муҳокама қилинган.
Қайд этилганидек, Президентимизнинг 2021 йил 13 июлдаги “Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизимини жорий этиш белгиланди. Шу муносабат билан Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизимини жорий этиш тўғрисидаги Сенат қарори, Низом ва рейтинг баҳолаш тартиби лойиҳалари ишлаб чиқилди.
Эндиликда мутлақо янги тизим – ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг тизими жорий этилмоқда.
Сенат ҳузурида рейтинг баҳолаш бўйича тузилган Республика комиссияси томонидан ёшларга оид давлат сиёсатининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида амалга оширилиши махсус индекаторлар асосида баҳоланади.
Бу борада Қўмита томонидан тегишли индекатор ва субиндекатор ишлаб чиқилди. Ушбу индекаторлар ҳар бир ҳудуд бўйича алоҳида ҳисоблаб чиқилади.
Туман ва шаҳарлар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан индикаторлар асосида рейтинг баҳоланади. Индикаторларни ҳисоблашда ҳудудлар томонидан тақдим этилган расмий статистик ва таҳлилий маълумотлардан фойдаланилади. Ҳудудларни рейтинг баҳолаш бўйича ишчи органи этиб, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги белгиланмоқда.
Ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиш ҳолати индикаторларнинг миқдорига қараб, нолдан юз баллгача рейтингда баҳоланади ва шу тартибда энг юқори балл тўплаган ҳудуд аниқланади.
Мажлисда қонунларнинг ижро этилиши ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан амалга оширилган мониторинг натижалари тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, “Журналистлик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари муҳокама этилди. Сенаторлар, экспертлар ва соҳа мутахассислари томонидан мазкур қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар илгари сурилган.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинган.






