“Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан илк маротаба бакалавриатга 100 ўрин, магистратура ва докторантурага эса олдинги йилларга нисбатан 5 баробар кўп ўрин ажратиш ташаббуси эълон қилинди. Бу ҳақдаги фикрлар Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.
Маълум бўлишича, жамғарманинг барча таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича 350 ўринга мўлжалланган навбатдаги стипендия танловлари жорий йил апрел-июнь ойларида ўтказилган. Танловга қўйилган 350 ўринга 3810 нафар номзод ариза берган бўлиб, Жамғарма талабига тўлиқ жавоб берган (хорижий тилни CEFR B2 даражада ўзлаштирган ва хорижий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинган) жами 196 нафар номзод танловларда иштирок этган.
Танлов натижаларига асосан, “Эл-юрт умиди” жамғармаси Васийлик кенгаши қарорига кўра, жорий йил 1 июлда 78 нафар номзод Жамғарма стипендиати деб эътироф этилди.
Жами 78 нафар стипендиатнинг 37 нафари АҚШ, 21 нафари Буюк Британия, 4 нафардан Германия ва Италияга, 3 нафар Канада, 2 нафардан Бельгия ва Россияга, 1 нафардан Австралия, Австрия, Испания, Франция ва Малайзия давлатларига тўғри келади. Стипендиатларнинг 31 нафари бакалавриат, 38 нафари магистратура ва 9 нафари докторантура таълим дастурларига тўғри келмоқда.






