Иқтисодиёт тармоқларида камида беш йил иш стажига эга бўлган фуқароларни 2021-2022 ўқув йилида республика ОТМнинг сиртқи ва кечки таълим шаклига суҳбат натижаларига кўра табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этиш ҳуқуқига эга бўлган вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмаларининг рўйхати тасдиқланди.
Бунда:
— вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмалари 2021/2022 ўқув йили учун 100 нафаргача талабгорга тавсиянома беришлари мумкин;
— вазирлик, идора ёки йирик хўжалик бирлашмаси тизимида асосий иш жойи сифатида 5 йилдан кам бўлмаган муддатда фаолият юритаётган ходимларга ушбу вазирлик, идора ёки йирик хўжалик бирлашмасининг асосий фаолиятидан келиб чиқиб, тавсиянома ташкилотнинг шахсан биринчи раҳбари томонидан берилади;
— суҳбат натижаларига кўра сиртқи ва кечки таълим шаклига ўқишга тавсия этилган талабгорнинг ўқиши (сиртқи таълим шакли учун 5 йил, кечки таълим шакли учун 4 йил) учун тўлов-контракт маблағлари ишлаб турган муайян ташкилот (вазирлик, идора, йирик хўжалик бирлашмаси) томонидан белгиланган муддатларда тўлаб берилади.






