Бугун, 28 июль куни Сенатнинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Сенатнинг Ахборот хизмати маълум қилди.
Йиғилишда сенатор ва депутатлар, Комиссия аъзолари, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлисда парламент юқори палатасининг ўн еттинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган масалалар дастлабки тарзда муҳокама қилинди. Жумладан, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг намунавий регламенти ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан ўтказилган мулоқотлар давомида улар томонидан амалдаги “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг намунавий регламенти”ни ҳамда “Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисидаги намунавий низом”ни қайта ишлаб чиқиш бўйича таклифлар билдирилди.

Ҳақиқатдан ҳам маҳаллий Кенгашларнинг амалдаги намунавий регламенти ҳамда доимий комиссиялари тўғрисидаги намунавий низом Олий Мажлис Сенати Кенгаши томонидан 2010 йилда тасдиқланган бўлиб, мазмунан бугунги кун талабига жавоб бермас эди.
Ўтган давр мобайнида маҳаллий Кенгашлар фаолиятини тартибга солувчи қатор қонунчилик ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Маҳаллий Кенгашлар ваколатлари ва вазифалари кенгайтирилди, бир қатор маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарларининг маҳаллий Кенгашлар олдида ҳисобдорлиги белгиланди.
Шунингдек, ҳар бир маҳаллий Кенгашда алоҳида котибиятлар ташкил этилиб, Кенгаш, доимий комиссиялар ва депутатлар фаолиятига ташкилий, таҳлилий жиҳатдан хизмат кўрсатиш, улар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш айнан ушбу тузилма зиммасига юклатилди.
Бу эса маҳаллий Кенгашлар фаолиятини тартибга солувчи асосий норматив-ҳужжатлардан бири ҳисобланган Регламентга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни тақозо этди.
Шу билан бирга, бугунги кун амалиётида маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссиялари фаолияти улар билан бевосита ҳамкорликда ишлайдиган Сенат қўмиталари фаолиятига тўла мос келмаслиги ҳар иккала томонга ҳам ноқулайликлар келтириб чиқараётган эди.
Сенатнинг битта қўмитаси маҳаллий Кенгашлардаги бир нечта доимий комиссиялар билан ишлашга ёки аксинча маҳаллий Кенгаш доимий комиссиялари ҳам Сенатнинг бир нечта қўмиталари билан ишлашига тўғри келаётган эди.

Мажлисда маҳаллий Кенгаш депутатларининг таклифларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган амалдаги маҳаллий Кенгашнинг намунавий Регламенти ҳамда доимий комиссиялари тўғрисидаги намунавий низом борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.







