Олий Мажлис юқори палатасининг ўн еттинчи ялпи мажлиси олдидан Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

Сенат Ахборот хизмати хабарига кўра, мажлисда республикамизда содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ масалага алоҳида эътибор қаратилди.
Қайд этилишича, автомобиль йўлларида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан таъсирчан назорат тўлиқ ва самарали ўрнатилмаганлиги сабабли 2021 йилнинг 6 ойи давомида жами 3,5 миллионга яқин, 2020 йилга нисбатан 40,8 фоизга кўп йўл ҳаракати қоидабузарлиги содир бўлган.
Оқибатда 3754 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 3170 нафар фуқаро жароҳатланган ва 954 нафар фуқаро ҳалок бўлган. Энг ачинарлиси, 2021 йилнинг ўтган 6 ойида болалар билан боғлиқ 542 та ЙТҲ содир этилиб, уларда 458 нафар бола жароҳатланган ва 104 нафар вояга етмаган бола ҳалок бўлган.
Йиғилишда мазкур ҳолатлар кескин танқид қилиниб, соҳа вакиллари иштирокида муҳокама қилинди.






