Навоий вилояти Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди очиқ суд мажлисида “Навбаҳортумангаз” газ таъминоти идорасининг 2 нафар масъул ходимига нисбатан суд иши кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий судга таяниб УзА хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, С.Холиқов ва Д.Нурматов (исми-шарифи ўзгартирилган) “Навбаҳортумангаз” газ таъминоти идорасида масъул лавозимларда ишлаб келган С.Холиқов ва Д.Нурматов (исми-шарифи ўзгартирилган)лар ўзларига билдирилган ишончни суистеъмол қилган ҳолда нафсининг қулига айланади.
“Навбаҳортумангаз” газ таъминоти идорасида сотилган суюлтирилган углеводород газ маҳсулоти учун аҳолидан йиғиб олинган пул маблағларининг кирим-чиқими билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан текшириш ўтказилганда, С.Холиқов ва Д.Нурматов ўзаро жиноий тил бириктириб, 2020 йилнинг январь ойидан 2021 йилнинг 1 февраль кунига қадар 2 миллион 557 минг 200 тонна суюлтирилган углеводород газ маҳсулотини аҳолига сотишдан тушган жами 3 миллиард 65 миллион 798 минг сўм нақд пул маблағини жавобгарлигига қабул қилиб олиб, шундан қарийб 2 миллиард 855 миллион 258 минг сўмини банк кассасига кирим қилгани, қолган 210 миллион 540 минг сўм нақд пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилиб, давлатга жуда кўп миқдорда зарар етказганлиги аниқланган.
Натижада С.Холиқов ва Д.Нурматов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 167-моддаси 3-қисмининг “а” банди билан айбланиб, суд иши жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди очиқ суд мажлисида кўриб чиқилган.
Суд ишида “газчи”лар томонидан давлатга етказилган 210 миллион 540 минг сўм зарар тўлиқ қопланганлиги эътиборга олинди, – дейди жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди раиси Авазжон Ибодов.
Натижада Жиноят кодексининг 45-моддасини қўллаган ҳолда уларнинг ҳар бирига 1 йил 6 ой муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланади.