Кеча, 29 июль куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Исматулло Йўлдошев 70 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда уюшма Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Исматулло Асадович Йўлдошев 1953 йилда Ургут туманида туғилган. 1976 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг Ҳуқуқшунослик факультетини тугатган. 1969 йилдан 2013 йилга қадар прокуратура органларида масъул лавозимларда ишлаган. Ҳуқуқшунослик фанлари номзоди. Адлия катта маслаҳатчиси.
Исматулло Йўлдошевнинг “Ёлғизлик” (Сўғдиёна – 1979), “Армонли дунё” (Зарафшон – 1980), “Ҳабиб бўлгин менга, муҳаббат” (Зарафшон – 1990), “Ҳавас” (Зарафшон – 2001), “Бунда тонглар кашф этар ўзни” (Зарафшон – 2002), “Бир ҳовуч офтоб” (Зарафшон – 2004), “Кўнгил ёғдуси” (Зарафшон – 2005), “Қалб чароғи” (Зарафшон – 2005), “Бешикдаги нур” (Зарафшон – 2007), “Рубежи жизни” (Зарафшон – 2007), “Меҳр” (Зарафшон – 2009), “Ишқ меҳроби” (Наврўз – 2012), “Умр девони” (Шарқ – 2012), “На пути к истине” (Москва, Олма Медиа Групп – 2013), “Ўзимни тинглаб” (Зарафшон – 2014) сингари китоблари чоп этилган. 2007 йилда "Шарқ" НМАКда шеърлар, рубоийлар, киносценарийлар, қиссалар, бадиҳа, рисола ва бадиий лавҳалари жамланган уч жилддан иборат “Танланган асарлар”и чоп қилинган. 2004 йилда “Қабоҳатга қўйилган тузоқ”, 2005 йилда “Жумбоқ” қиссалари асосида "Ўзбектелефильм" томонидан фильмлар яратилган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси жамоаси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Исматулло Йўлдошевнинг вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди.
Жаноза бугун, 30 июль куни соат 10:00да марҳумнинг Самарқанд шаҳридан Оқдарё туманига боришдаги Зарафшон массивида жойлашган ҳовлисида ўқилади.






