Аввал хабар берганимиздек, эртага Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинлари доирасида спорт курашлари мусобақасига старт берилади. Бугун, 31 июль куни юнон-рум кураши бўйича -60 ва -130 кг вазн тоифаларидаги беллашувларга қуръа ташланди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги маълум қилди.
1 август куни юнон-рум курашида айнан шу вазн тоифаларида саралаш баҳслари бўлиб ўтади. -60 кг вазнда Рио-2016 Олимпиадасининг бронза медали совриндори Элмурат Тасмурадов, -130 кг вазнда эса ўзининг учинчи Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўраётган Мўминжон Aбдуллаев юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
Қуръа натижасига кўра, Тасмурадов 1/8 финалда асли Олмалиқда туғилган, ҳозирда Украина шарафини ҳимоя қилаётган, жаҳон чемпионатининг бронза медали совриндори 32 ёшли Ленур Темировга қарши гиламга чиқади. Ушбу жуфтлик ғолиби 1/4 финалда арманистонлик Aрмен Меликян ва эронлик Нежати беллашуви ғолиби билан тўқнаш келади.
Осиё ўйинлари ғолиби Мўминжон Aбдуллаев эса 1/8 финалда эстониялик 24 ёшли Aртур Вититин билан беллашади. Aбдуллаев ғалаба қозонган тақдирда чорак финалда чилилик Aкоста Фарна ёки тунислик Гуенничига қарши баҳс олиб боради.






