АсосийJamiyat

Сенатнинг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида”ги Қонун маъқулланди

'Сенатнинг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида”ги Қонун маъқулланди'ning rasmi

Аввал хабар берганимиздек, айни кунларда Олий Мажлис Сенатининг 17 ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Мажлисда Сенаторлар парламент юқори палатасининг кун тартибидаги яна бир масала – “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини муҳокама қилди. Бу ҳақда Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати маълум қилди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизнинг 78 % ер майдони сейсмик фаол ҳудудларда жойлашган бўлиб, MSK – 64  ер шкаласи бўйича 6 ва ундан юқори баллик ер силкинишлари доимий равишда содир бўлиши кузатилади.

Шу сабабли, мамлакатимиз аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлашнинг қонуний асосларини такомиллаштириш, масъул давлат органларининг бу борадаги ваколатларини белгилаш ҳамда кучли зилзилаларга тайёргарлик кўриш, уларнинг оқибатларини бартараф этишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш зарурати мавжуд.

Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида”ги Қонуни ишлаб чиқилди. Мазкур Қонунда:

Биринчидан, давлат органларининг, хусусан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Фанлар академияси ҳамда Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг сейсмик хавфсизликни таъминлаш борасидаги асосий вазифалари белгиланмоқда.

Иккинчидан, Қонун билан сейсмик хавфсизлиги таъминланадиган объектларнинг таснифи ҳамда бинолар ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини текшириш ҳамда мониторинг қилиш тартиби белгиланмоқда.

Сейсмик хавфсизликни таъминлаш объектлари аҳамиятига кўра 4 та тоифага бўлинмоқда.

Учинчидан, зилзилаларнинг содир бўлиш эҳтимолини аниқлаш тартиби белгиланмоқда, унга мувофиқ сейсмик станцияларда ўтказиладиган кузатувлар бўйича прогноз натижалари ҳар ҳафта идоралараро эксперт комиссияси томонидан таҳлил қилинади ва содир бўлиши мумкин бўлган сейсмик вазият ҳақидаги хулосалар Вазирлар Маҳкамасига юборилиши назарда тутилмоқда.

Тўртинчидан, кучли зилзила оқибатларини бартараф этиш, кучли зилзилалар натижасида зарар кўрган объектларни тиклаш – давлат бюджети, халқаро молия институтлари маблағлари ва бошқа тақиқланмаган манбалар ҳисобидан амалга оширилиши, шунингдек, фуқароларнинг сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгиланмоқда.

Қонун республика аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш ҳамда амалдаги қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этишга, шу билан бирга, сейсмик мустаҳкам бино ва иншоотларни қурилиши сифати назоратга олинишига хизмат қилишини инобатга олиб, сенаторлар томонидан ушбу Қонун маъқулланди.

    Бошқа янгиликлар