Аввалроқ, спортчимиз "Токио-2020" Олимпия ўйинларининг бокс дастурида дастлабки медалини нақд қилиб қўйгани ҳақида хабар берган эдик.
ХХХII ёзги Олимпия ўйинларининг бокс мусобақаларида ярим финалга йўл олган илк боксчимиз Баҳодир Жалолов финал йўлланмаси учун Буюк Британия терма жамоаси аъзоси Фрейзер Кларк билан куч синашади.
Кларк чоракфиналда Франсия терма жамоаси аъзоси Мурод Aлиевга қарши рингга кўтарилди ва мазкур жанг 2-раундда тўхтатилиб, ғалаба Фрейзерга тақдим этилди. Ваҳоланки, 1-раунддан кейин Aлиев 3-2 ҳисобида олдинда бораётган эди.
Баҳодирнинг бўлажак рақибига тўхталадиган бўлсак, у 1991 йил 7 августда Британиянинг Бартон провинсиясида туғилган. Энг ёрқин ғалабаларига 2019 йилги ЖЧда чорак финалга етиб боргани ҳамда 2017 йили Украинада ўтказилган Европа чемпионати финалчиси бўлганлигини таъкидлаш мумкин.
Умид қиламизки, Баҳодир ярим финалда ҳам ғалаба қозонади ва якунда Ўзбекистонга олтин медал тақдим этади.
Дарвоқе, Баҳодир Жалолов ва Фрейзер Кларк ўртасидаги жанг 4 август куни ўтказилади






