ЎзР ФА Тарих институтининг маълум қилишича, бугун, 2 август куни профессор Доно Ҳамидовна Зиёева вафот этди.
Д.Зиёева илмий фаолиятини 1983 йил Тарих институтида кичик илмий ходимликдан бошлаб, институтнинг илмий ишлар бўйича директор ўринбосари (2000-2005), "XIX-XX аср тарихи" бўлими мудири (1998 йилдан ҳозиргача) каби масъулиятли лавозимларда хизмат қилиб келган. Олима 1990 йил "Туркистонда XIX-XX аср бошидаги миллий озодлик ҳаракати тарихшунослиги" мавзусида номзодлик, 1999 йил "1917-1924 йилларда Туркистондаги миллий-озодлик ҳаракатлари ХХ аср тарихшунослигида" мавзуларида докторлик диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилган.
Шунингдек, олима илмий раҳбарлигида "Ўзбекистон тарихи" нинг V жилди, "Ўзбекистон тарихи хрестоматияси" нинг IV жилди ва бошқа қатор тўпламлар нашр этилган.
"Даракчи" нашри жамоаси профессор Доно Ҳамидовна Зиёеванинг вафоти муносабати билан олиманинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдиради.






