Олий Мажлис Сенати Раиси Т. Нарбаева Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқотининг навбатдаги мажлисида мазкур форум мамлакатларимизнинг ютуқлари, гендер тенгликни таъминлаш бўйича келгусидаги режалари ҳақида ахборот алмашиш ва умумий манфаатларимизга жавоб берадиган ҳамкорликнинг барча соҳаларида хотин-қизлар ўртасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш учун яхши имконият эканини таъкидлади. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати хабар берди.
Шунингдек, бу йил Марказий Осиё давлатлари мустақиллигига 30 йил тўлиши, ушбу давр мобайнида барқарор тараққиётни таъминлаш ва миллий давлатчиликни мустаҳкамлаш учун кенг кўламли сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилгани қайд этилди.
Қонунчилик ва институционал асосларни яратиш ҳамда мустаҳкамлаш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш орқали гендер тенгликни таъминлаш борасида ҳам жуда катта ишлар амалга оширилди.
Сенат раиси мулоқотнинг барча иштирокчилари томонидан яратилаётган пойдевор давлат бошқаруви, превентив дипломатия, атроф-муҳит муҳофазаси, тадбиркорлик ва бизнес, маданият, таълим, илм-фан, санъат ва умуман, гендер тенгликни таъминлаш соҳаларида Марказий Осиё хотин-қизлари ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Шунингдек, Ўзбекистон Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқотидаги раислиги доирасида ўзаро ҳамкорлик механизмини минтақада хотин-қизлар ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган янги, сифатли маслаҳатлашувлар платформасига айлантириш учун барча саъй-ҳаракатларини ишга солмоқчи экани билдирди.
Парламентнинг юқори палатаси раҳбари Мулоқотнинг 2021 йилга мўлжалланган Ҳаракатлар режаси, шунингдек, Барқарор ривожланиш соҳасида тадбиркор хотин-қизлар ўртасидаги ҳамкорлик “Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирларнинг асосий йўналишларига урғу берди.
Форум якунлари бўйича Декларация қабул қилинди. Ушбу ҳужжатда хотин-қизлар ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳалардаги ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш назарда тутилган.