Аввалроқ Яккасарой туманида "Remdesivir" дори махсулотини ноқонуний сотмоқчи бўлганлар қўлга олингани ҳақида хабар берган эдик.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг маълум қилишича, Юнусободда ҳам "Remdesivir" ни ноқонуний таёрлаб сотмоқчи бўл бир гуруҳ шахслар аниқланган.
ДСҚнинг Юнусобод тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Д.А. ва бошқалар олдиндан тил бириктириб “Bactopraz-S” дори воситаси ёрлиғини ўзгартириш орқали тайёрланган қалбаки “Pandovir 100 (Remdesivir)”дори воситасини ҳар бирини 500 минг сўмдан ҳисоблаб, тўловни АҚШ долларида амалга оширишга келишиб, 100 дона қалбаки “Pandovir 100 (Remdesivir)” дори воситасини 4 700 АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, тадбир давомида юқоридаги дори воситалари Чилонзор тумани, Муқимий кўчасидаги хонадонлардан бирида тайёрланганлиги аниқланиб, ушбу хонадондан 23 турдаги қалбаки дори воситалари ҳамда 500 дона ёрлиқлар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани айтилмоқда.






