АсосийSport

Давлат раҳбари Токио-2020 ўйинлари ғолиб ва совриндорлари ота-оналарига миннатдорчилик билдирди

'Давлат раҳбари Токио-2020 ўйинлари ғолиб ва совриндорлари ота-оналарига миннатдорчилик билдирди'ning rasmi

Давлат раҳбари Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорларига, уларнинг ота-оналарига миннатдорчилик билдирди. Бу ҳақда  Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди

"Бугунги тантанали маросимда иштирок этаётган қаҳрамон ўғлонларимиз – Токио Олимпиадаси ғолиблари ҳақида ҳар қанча фахрланиб гапирсак арзийди, албатта. Жамоамизга илк олтин медални тақдим этган 19 ёшли спортчимиз, таэквондо устаси Улуғбек Рашидовга ва унинг даврамизда иштирок этаётган ҳурматли отаси Исматилла Рашидов ҳамда онаси Оксана Даниленкога эл-юртимиз номидан ташаккур билдирамиз.  Улуғбек Ўзбекистон тарихида Олимпия олтин медалини қўлга киритган энг ёш спортчи сифатида ном қозонди. Маҳоратли полвонимиз Акбар Жўраевнинг умумий ҳисобда 430 килограммлик маррани эгаллаб, Олимпия рекордини ўрнатгани ва иккинчи олтин медални қўлга киритгани барчамизга улкан қувонч бағишлади. Мана шундай мард ва паҳлавон йигитни тарбиялаган Акбаржоннинг онаси Норматова Ҳафизахон синглимизга самимий раҳматимизни айтамиз. Алпомишлар юрти – Сурхон заминида туғилган енгилмас спортчимиз Баҳодир Жалоловни ҳаммамиз яхши биламиз. Исми жисмига мос бу азамат йигит ва унинг меҳрибон онаси Сабоҳат Жалоловани барчамиз қизғин қутлаймиз. Мен улар билан аввал ҳам учрашиб, самимий суҳбатлашганимни ҳамиша яхши таассуротлар билан эслайман. Баҳодир азиз онасига, халқимизга берган ваъдасининг устидан чиқиб, Ватанимизга учинчи олтин медални туҳфа қилди. Шу тариқа ўзбек бокс мактабининг шон-шуҳратини янада юксак босқичга олиб чиқди. Миллий дзюдо мактабимизнинг забардаст вакили Давлат Бобонов ва маҳоратли эркин курашчимиз Беҳзод Абдураҳмоновни кескин беллашувларда бронза медалларини қўлга киритганлари билан қутлаймиз.  Бугун даврамизда Давлатжоннинг ота-онаси Ҳусниддин ака ва Нурияхон опа, Беҳзоджоннинг отаси Муҳаммаджон Абдураҳмонов ва онаси Муҳаббатхон иштирок этишяпти. Мана шундай ботир ўғлонларни тарбиялаб вояга етказгани учун уларнинг ота-оналари ва устозларига чин юракдан ташаккур изҳор этамиз.", дейди  давлат раҳбари ўз нутқида.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар