Бугун Кинематография агентлигида “Халқ юраги” туркуми остида 24 нафар адибга бағишлаб, суратга олинган ҳужжатли фильмларнинг намойиши ўтказилди .
Мазкур фильмлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 20 май куни Тошкент шаҳрида бунёд этилган “Адиблар хиёбони”га ҳамда шу йилнинг ноябрь ойида “Ўзбекфильм” киностудиясига ташрифи давомида берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги ҳамда олий таълим муассасалари ҳамкорлигида суратга олинган.
Ушбу туркумдан ўрин олган фильмлар Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Огаҳий, Абдулла Авлоний, Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода, Абдулла Орипов, Зулфия, Абдулла Қаҳҳор, Тўлепберган Қайипбергенов, Муҳаммад Юсуф ва бир қатор адибларнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида.
Намойишда Агентлик бош директори Фирдавс Абдухолиқов, Бош директорнинг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев, “Ўзбекфильм” киноконцерн” ДУК директори Баҳодир Одилов, фильм ижодкорлари ҳамда ОТМ профессор-ўқитувчилари сўзга чиқишди. Тадбирда Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақидаги ҳужжатли фильм премьера қилинди.
“Халқ юраги” туркуми остида суратга олинган 24 та фильм Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллигига катта туҳфа бўлиши режалаштирилган.
Намойишга киномутахассислар, таниқли киноижодкорлар, Олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда ОАВ вакиллари ва ёшлар ташриф буюришган. Ундан сўнг журналист ва блогерлардан иборат Киномедиаклубнинг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтган.