Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида мактаб ўқувчилари ўртасида оммавий муштлашув содир бўлганлиги ҳақидаги хабар остида вояга етмаганлар иштирокидаги жанжал акс этган видео тарқалди. Мазкур видеотасвир юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ маълумот берди.
Хабарда айтилишича, видеода акс этган ҳолат “Мактаб” номли сериални суратга олиш жараёнидаги ҳолат бўлиб, август ойининг охирларида Мирзо Улуғбек туманида тасвирга олинган. Сенарий бўйича мактаб ўқувчилари ўртасидаги жанжал вақтида ўқувчилардан бирининг укаси ҳимоя қилиши керак бўлган кадр акс этган. Сериални суратга олишга жалб этилган актёрлардан бири ушбу жараённи ўзининг телефонига тасвирга олиб, интернет тармоғида жойлаштирган.
"Ҳурматли фуқаролар! Сизлардан текширилмаган маълумотларни тарқатмаслигингизни, ўз саҳифангизда обуначиларни ёки кўриш ҳажмини кўпайтириш мақсадида шов-шув уйғотувчи видеолар остида ёлғон хабарларни ёзмасликларингизни сўраймиз",–дейилади ИИББ ахборотида.