5 сентябр куни Самарқанд шаҳар “Сиёб” деҳқон бозорида савдо қилувчи сотувчилар савдо жойига талашиб, улар ўртасида келишмовчилик содир бўлганлиги, ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганлиги тўғрисида хабар қилган эдик. Ҳолатнинг кейинги тафсилотлари ҳақида Самарқанд вилояти ИИБ Aхборот хизмати маълумот берди.
10 сентябр куни ушбу ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида кўриб чиқилди.
Суд қарорига асосан, фуқаролар Н.Нафиса ҳамда У.Нигоралар Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 41-моддаси ва 52-моддасининг 2-қисимида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, уларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 (уч) баравари жазоси тайинланди.
Фуқаролар A.Нодиржон ҳамда И.Равелжонлар Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддасида кўрсатилгай маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, уларга нисбатан 15 (ўн беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Вояга етмаган A.Диёржоннинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик мавжудлиги, аммо у жавобгарлик ёшига етмаганлиги сабабли, унинг қонуний вакили отаси Н.Нуруллога нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, қонуний қарор қабул қилиш учун Самарқанд шаҳар Вояга етмаганлар бўйича идоралараро комиссиясига юборилди.






