Жорий йилнинг 7 сентябрь куни “Qalampir.uz” веб-сайти жамоаси томонидан Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, 2-мавзеда фаолият олиб бораётган бир гуруҳ тадбиркорлар мурожаатини ўрганиш мақсадида борилган вақтда, прокуратура ва ички ишлар органлари ходимлариинг таҳдидга учрашганини маълум қилиб “Тошкентда яна “снос”. Буни ёритишга борган журналист прокуратура ва ички ишлар ходимлари таҳдидига учради” мавзусида материал эълон қилинган эди.
Олий Мажлис Сенати ушбу ҳолат бўйича муносабат берди:
Сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги – демократиянинг қон айланиш тизимидир, усиз бу тушунчалар фаолият кўрсата олмайди.
Биламизки, бугун юртимизда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, аҳоли мурожаатларини кенг оммага олиб чиқишда республикамизда фаолият юритаётган оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёсдир.
Орадан, бир неча кун ўтиб Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратура томонидан расмий муносабат билдирилиб, Юнусобод тумани 2-сектор котиби ҳақиқатан ҳам “QALAMPIR.UZ” интернет нашри тасвирчисига олинган видеоларни ўчиршини айтиб, журналистик фаолиятга тўсқинлик қилгани ўз тасдиғини топганлиги маълум қилди.
Албатта, ОАВда ёритилган маълумот ҳуқуқуни муҳофаза қилувчи органлар томонидан очиқ тан олиниши, юртимизда жамоатчилик назорати шаклланиб, қонун нормалари устувор бўлган демократик эркин фуқаролик жамият ривожланаётганидан далолат десак адашмаган бўламиз.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ахборот майдонида қонуний фаолият олиб бораётган журналистлар ва блогерлар, барча ОАВ вакилларини доимий қўллаб-қувватлайди.
Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мен ҳақиқат ва адолатни ўз эътиқоди деб биладиган барча журналистларни ўзимнинг энг яқин дўстларим” деб биламан ва улар ҳамиша Президент ҳимоясида бўлади деган сўзлари барча ОАВ вакилларига хизмат вазифаларини бажаришда катта рағбат беради.