Қашқадарёда ота 2 ёшли ўғлини уриб, комага тушириб қўйди. Бу билан боғлиқ хабар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди ва эътирозларни авж олдирди. Вилоят ИИБ ҳолат юзасидан маълумот берди.
Қайд этилишича, 2021 йил 25 сентябрь куни вилоят ИИБ 102-операторига Деҳқонобод тумани Теракли МФЙда яшовчи уй бекаси Ж.С. қўнғироқ қилиб, вояга етмаган ўғли Э. Х.ни болани отаси Д.Ш. уриб тан жароҳати етказганлиги ва ўғли РШТЁИМ Қашқадарё филиалининг жонлантириш бўлимида даволанаётганлигини маълум қилган.
Мазкур хабар Деҳқонобод туман ИИБда 25.09.2021 йилда қайд қилинган.
"Мазкур ҳолат юзасидан Деҳқонобод туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда", – дейилади хабарда.
Шунингдек боланинг яқинлари ҳолат тафсилотларини "Nasafnews"га сўзлаб берди.
"2 нафар фарзандлиман. Турмуш ўртоғим 2 та мактабда дарс беради. Воқеа содир бўлган куни соат 4 ёки 5 атрофида ишдан қайтди. Икки боламнинг бирови бешикда эди. Бирови ерда эди. Мен эрим қараб туради деб ўйлаб, ташқарига чиқдим ва молларга қарадим.
20 дақиқа ичида боламни отаси уриб, кўзини кўр қилиб, мазь суртган. Икки кўзини роса кўрмайдиган даражага олиб келган. Бўғиб, бошига қаттиқ урган. Олдида турган тикув машинасига урган, бола отилиб кетган. Кейин кўрпача ўраб, ҳушидан кетказиб, тўғри қилиб ётқизиб қўйибди.
Кирсам, болам кўкариб, яхлаб қолган экан. Икки соат боламни ҳамма жойини уқаладим. Ўзим ҳам қўрқиб қолиб, ҳеч кимга чиқиб дардимни айта олмадим.
Эрталаб эрим ишга кетгандан кейин қайнопамдан илтимос қилиб телефон сўрадим. Укамга телефон қилиб, уни чақирдим. Укам келиб мени ва боламни шифохонага олиб кетди. Шундан кейин маҳалла раисидан сўраб, Қаршидаги тез ёрдамга бордик. Шифокорлар ҳам боланинг аҳволи оғирлигини кўриб, ‘ҳар нарсага тайёр бўлиб туринглар’, деб айтди", — дея таъкидлайди боланинг онаси.