Ишончли вакиллар номзодга сайлов кампаниясини ўтказишда ёрдам беради, сайлаш учун ташвиқот олиб бориб, сайловчилар билан бўладиган учрашувларда номзоднинг манфаатларини ифода этади.
“Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Фарғона вилояти бўйича ишончли вакили Муҳаммаджон Валиев ҳам белгиланган тартибга асосан сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқда.
Бу ҳақда “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати хабар бермоқда.
Унга кўра, навбатдаги учрашув Қува туманидаги 13-сонли мусиқа ва санъат мактабида ташкил этилган.
Давлат бошқарувининг барча соҳаларида айниқса, суд тизими ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фаолиятида, таълим соҳасида коррупцияни йўқ қилишга қаратилган мақсад ва таклифлар номзод сайловолди дастурида алоҳида белгиланган.
Ҳудудлардаги учрашувларда ишончли вакил мазкур жиҳатга эътибор қаратган. Мақсад ва вазифаларини лўнда ифода этган. Сайловолди дастурида кўзда тутилган ташаббуслар билан аҳолини таништирилган.
"Қонун устувор бўлган жойда адолат барқарор бўлади. Қонун мустаҳкам бўлган жойда кўнглимизда ҳаловат, турмушимизда хотиржамлик, ҳаётимизда фаровонлик ҳукм суради, – дейди Адолат” СДПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Фарғона вилояти бўйича ишончли вакили Муҳаммаджон Валиев.
" Адолатсиз жазо ва жарималарни қайта кўриб чиқилади. Жарималар, биринчи навбатда, халқнинг реал даромадига мутаносиб бўлиши, шунингдек, жарималар уларнинг ижтимоий хавфлилик даражасидан келиб чиқиб, белгиланиши таъминланади. Айрим жиноят турларига маънавий жазо чораларини қўллашни илгари сурамиз",–дея таъкидлайди у.
Шунингдек, йиғилишда жамиятда коррупцияга нисбатан мутлақо муросасизлик маданиятини шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтилган.






