Давлат раҳбарининг 2020 йил 12 ноябрда қабул қилинган “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида тиббий хизмат кўрсатишнинг янги механизмини жорий этиш, давлат тиббий суғурта тизими билан боғлиқ ишларни ташкил этиш белгиланган.
Дастлаб, бу тизим Сирдарё вилоятида апробациядан ўтказилиб, келгyсида республикамизнинг барча ҳудудларида босқичма-босқич жорий этилиши кўзда тутилган. Бу ҳақда ССВ Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Шунга биноан, Давлат тиббий суғурта жамғармаси ташкил этилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат тиббий суғурта жамғармаси ва Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда янги тизимни ишга тушириш, аҳолига кафолатланган пакет ҳисобидан тиббий хизмат кўрсатиш борасидаги ишлар Сирдарёда бошлаб юборилди.
Тиббиёт ходимларини жаҳон тажрибасини ўрганган малакали мутахассислар томонидан ўқитиш йўлга қўйилди.
Вилоят аҳолисининг 94,7 фоизи (801 минг 358 нафари) тиббий хатловдан ўтказилди. Уларнинг саломатлиги ўрганилиб, тўртта —энг юқори, юқори, ўрта ва паст хавф гуруҳларига ажратилди. Энг юқори хавф гуруҳида турган 145 минг нафардан ортиқ фуқарони соғломлаштириш устида иш олиб борилмоқда.
Давлат тиббий суғурта механизми билан боғлиқ ишлар Сирдарё вилоятида жорий йилнинг 1 июлидан бошланди. Тизим бўйича тиббиёт ходимлари кўрсатилган хизматлар ҳисобига ҳақ олади.
Ҳисоб-китоб ишлари Давлат тиббий суғурта жамғармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан амалга оширилади. Бунда тиббиёт ходими томонидан тиббиёт муассасасига мурожаат қилган фуқарога кўрсатилган тиббий хизмат тури, сифатига алоҳида эътибор қаратилади.
Шифокор ва ҳамшира кўрсатилмаган хизмат тури учун давлат бюджетидан иш ҳақи ололмайди.
Тизимдаги ишлар тўлиқ ташкил этилгандан сўнг, аҳоли тўла-тўкис кафолатланган тиббий хизмат кўрсатиш пакетларидан фойдалана бошлайди. Эски тартибга кўра ногиронлиги бўлган шахслар, хотин-қизлар, уруш қатнашчилари ва бошқа шу каби шахсларга бепул хизмат кўрсатилар эди.
Янги тизимга кўра, бемор тиббиёт муассасасига келгунга қадар бир неча текширувлардан ўтади.
Сўнг унга бирламчи тиббий-санитария муассасасида ишловчи оила шифокори, терапевт, педиатр, доя ва бошқа тиббиёт ходимлари томонидан хизмат кўрсатилади.
Касаллиги ўрта даражадаги беморлар бирламчи тиббий-санитария массасасида даволанса, оғир даражадагилар оила шифокори йўлланмаси билан юқори даражадаги шифохоналарга йўналтирилади.
Бирламчи тиббий-санитария муассасасида беморни даволашнинг иложи бўлмаса, туман ёки шаҳар шифохонасига йўлланма берилади. Йўлланмага асосан шаҳар ёки туман тиббиёт бирлашмасида кафолатланган пакет асосида хизмат кўрсатилади.
Беморни туман ёки шаҳар тиббиёт бирлашмасида ҳам даволаш имкони бўлмаса, вилоятга йўлланма берилади.
Дори-дармон, ўрин-жой ва бошқа хизматлар учун пул тўланмайди. Бу харажатлар Давлат тиббий суғурта жамғармаси томонидан молиялаштирилади.
Мазкур механизм Сирдарё вилоятида синoвдан ўтказилмоқда. Тиббиёт ходимларнинг давлат тиббий суғурта механизмлари ва кафолатланган тиббий хизмат тизими борасидаги тажрибаси кун сайин ошиб, юзага чиқиши мумкин бўлган муаммолар босқичма-босқич ҳал этиляпти.






