Бугун, 2 октабрь куни “Қамчиқ” довонида Cobalt автомобили ағдарилиб кетди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ҳолат довоннинг 194-километрида юз берган. Водий-Тошкент йўналишида ҳаракатланиб келаётган Cobalt русумли автомобиль катта тезлик сабаб бошқарувни йўқотган ва йўл четидаги ҳандаққа ағдарилиб кетган. Автомобиль салонида эса ҳайдовчи ва 2 нафар йўловчи бўлган.
Воқеа жойига “Қамчиқ” махсус қидирув, ёнғин-қутқарув гуруҳи, Тез тиббий ёрдам шифокорлари, Йўл патруль хизмати ходимлари етиб борган.
Мазкур ҳолатда автомашинадан ҳайдовчи ва икки нафар йўловчиси чиқариб олинган. Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳеч ким жароҳат олмаган. Шундай бўлса-да, уларга шифокорлар ва қутқарувчилар амалий ва психологик ёрдам кўрсатган.






