АсосийJamiyat

Ўзбекистонда эҳтиёжманд, чин етим ва оғир касал болаларга ёрдам кўрсатувчи фонд ташкил қилинади

'Ўзбекистонда эҳтиёжманд, чин етим ва оғир касал болаларга ёрдам кўрсатувчи фонд ташкил қилинади'ning rasmi

Ўзбекистон Президентининг “Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Қарорга кўра, қуйидагилар Болалар жамоат фондининг энг муҳим вазифалари этиб белгиланди:

  • оғир вазиятга тушган, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни аниқлаш ва уларга манзилли ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатиш тадбирларини ташкил этиш ва молиялаштириш;
  • болаларнинг ҳаёти учун хавф солувчи оғир, сурункали ҳамда кам учрайдиган (орфан) касалликларга ўз вақтида ташхис қўйиш ва уларни республикада ёки зарур ҳолларда хорижий давлатларда даволаш учун тиббий, ижтимоий ва молиявий ёрдам кўрсатишнинг қўшимча механизмларини жорий этиш;
  • эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари ҳамда имконияти чекланган болаларни бепул дори воситалари, тиббий ва протез-ортопедик буюмлар билан таъминлаш;
  • жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болаларни таълим олишларида кўмаклашиш, шу жумладан, махсус ўқув адабиётлар ва ўқув қуроллари билан таъминлаш;
  • ногиронлиги бўлган болаларни ижтимоий мослаштириш, уларга қизиқишларидан келиб чиқиб касб-ҳунар ўргатиш ва уларни уй шароитида ўзини ўзи банд қилиши учун асбоб-ускуналар билан таъминлаш;
  • оғир ташхисли касалликлари бўлган болаларни парвариш қилаётган кам таъминланган оилаларни ҳомийликка олиш;
  • ногиронлиги бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир, шу жумладан, уларга юқори технологик ихтисослашган реабилитацион тадбирларни ташкил этиш ва молиялаштириш.

 

Болалар жамоат фондининг асосий пул маблағлари қуйидагилар ҳисобига шакллантирилади:

  • давлат буджети ҳисобидан 2021—2022-йилларда маблағларни амалда ўзлаштирилишига қараб 100 миллиард сўм миқдоридаги беғараз молиявий ёрдам;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг ихтиёрий хайриялари;
  • давлат, хорижий ва халқаро ташкилотлар, чет давлатлар ажратадиган грантлар;
  • краудфандинг механизмлари орқали келиб тушган маблағлар;
  • вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинган даромадлар;
  • қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

 

Қарорга биноан 2024-йил 1-январга қадар даволанишга муҳтож бўлган болалар учун белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича Болалар жамоат фонди томонидан олиб келинадиган дори воситалари, тиббиёт ускуналари ва протезлаш воситалари божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинади.

Болалар жамоат фонди Васийлик кенгашига 2021-йил 20-октябрга қадар фонд ижро дирекциясини юқори малакали кадрлар билан тўлдириш ҳамда Болалар жамоат фонди уставини тасдиқлаш чораларини кўриш вазифаси юкланган.

Бошқа янгиликлар