Бугун, 5 октябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Комиссия аъзолари дастлаб Сайлов участкаларида сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз беришини ташкил этиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишди.
Маълум қилинишича, Сайлов кодексининг 57-моддасига мувофиқ, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга уч кун қолганида тугалланади.
Сайлов кодексининг 561-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига ва чет давлатларнинг ваколатли давлат ҳокимияти органлари билан келишувларга мувофиқ чет давлатларнинг аҳоли зич жойлашган ҳудудларда муддатидан олдин овоз бериш сайловчининг турган жойида ўтказилиши мумкин.Ўзбекистон Республикасининг чет давлатдаги дипломатик ва бошқа ваколатхонаси ҳузурида тузилган участка сайлов комиссияси сайловчиларнинг турган жойида овоз бериш вақти ҳамда жойи тўғрисида қарор қабул қилади ва бу ҳақда сайловчиларни, кузатувчиларни оммавий ахборот воситалари орқали хабардор этади.
Мажлисда қайд этилишича, муддатидан олдин овоз бериш 2021 йил 14 октябрь куни бошланиб 2021 йил 20 октябрнинг якунига қадар ўтказилади. Сайлов участкасида муддатидан олдин овоз бериш вақти соат 9:00 дан соат 19:00 га қадар давом этади.
Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш ушбу сайлов участкалари жойлашган ердаги маҳаллий вақт билан соат 9:00 дан соат 19:00га қадар амалга оширилади.






