"Перевал"да 5 та машина иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақда ФВВ хабар берди
Унга асосан, бугун, 6 октябрь куни соат 6:20 ларда "Қамчиқ2 довонининг 199 км.да "Водий-Тошкент" йўналишида ҳаракатланган "Spark" русумли автомобиль ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўл ўртасидаги темир тўсиққа урилган, унинг ортидан келаётган, "Gentra" автомобили "Spark" дан қочаман деб, шунингдек, яна "Cobalt" ва "Gentra" русумли автоуловлар ҳам ЙТҲга учраган.
Зудлик билан "Қамчиқ" МҚЁҚБ қутқарувчилари, тез тиббий ёрдам, Йўл патруль хизмати, "Қамчиқавтойўл" Ихтисослашган йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси ходимлари воқеа жойига етиб борган. Қутқарувчилар жароҳат олган фуқароларни автомaшиналар ичидан чиқариб олишган.
"Spark" автомобилининг салонида ҳайдовчи ва 1 нафар йўловчи бўлиб, йўловчи тан жароҳати олган, шунингдек, "Cobalt" автоуловининг ҳайдовчиси ўнг қўл синиши ташҳиси билан Ангрен шаҳар Марказий шифохонасига юборилган. Ҳозирда шифокорлар уларнинг аҳволи яхшиланганини билдиришган. Қолган автоуловдаги йўловчи ва ҳайдовчилар енгил тан жароҳати олгани сабаб уларга шу жойнинг ўзида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.
Қайд этилишича, автомобиль ҳайдовчилари ноқулай об-ҳаво шароитини инобатга олмай, тезликни ошириб ҳайдаши оқибатида ушбу йўл-транспорт ҳодисаси юз берган.
Шу муносабат билан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги барча йўл ҳаракати қатнашчиларидан об-ҳаво шароитини ҳисобга олиб ҳаракатланишларини, белгиланган қоидаларга амал қилишларини, туман тушган ва музламали йўлларда оралиқ масофани сақлаб юришларини сўрамоқда.