Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг мамлакатмизга расмий ташрифи доирасида жорий йилнинг 5 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Туркманистон Адолат вазирлиги ўртасида ўзаро англашув тўғрисида меморандум имзоланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Мазкур меморандумнинг мақсади ҳамкорликдаги институционал ўзаро муносабатлар учун асос яратиш ва икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.
Меморандум доирасида норма ижодкорлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиёти, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, юридик кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек ўзаро манфаатли бошқа йўналишларда ҳамкорлик қилиш кўзда тутилмоқда.
Мазкур ҳужжат икки мамлакат вазирликлари ўртасида ҳуқуқ ва адлия соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, рағбатлантириш ва ривожлантиришга хизмат қилади.
Маълумот учун, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан хорижий мамлакатларнинг йигирмадан ортиқ адлия вазирликлари билан икки томонлама ҳамкорлик ўрнатилганини қайд этиш жоиз.






