АсосийJamiyat

Тилимиз фаол мулоқот воситасига айланиши шарт!

'Тилимиз фаол мулоқот воситасига айланиши шарт!'ning rasmi

Ҳар элнинг ўз тилига муносабати, чексиз ҳурмати ва садоқати нафақат ота-боболарига, балки ўз миллати ва давлатига бўлган юксак эҳтиромининг рамзи ҳисобланади. 

Давлат тилидан тўғри фойдаланиш, унинг софлиги ва қатъий меъёрларини сақлаш, мунтазам бойитиб бориш, нутқ маданиятини ошириш нафақат ўқитувчи-педагогларнинг, журналист ва ноширларнинг, балки ҳар бир миллатдошимизнинг инсоний бурчидир. 

Бу муҳим жараёнларга ёрдам бериш ва кўмак кўрсатиш бўйича кучли ахборот-тарғибот ишлари, жумладан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва Давлат тилини ривожлантириш масалалари департаментининг расмий телеграм канали саҳифаси ва расмий сайти ўз фаоллигини ошириб, она тили ва адабиёти бўйича янгидан-янги маълумотлар бериб бораётгани кўп минг сонли педагогларимизнинг алоҳида эътиборини тормоқда.

Хусусан, у орқали туман ва шаҳар, вилоят ҳокимларининг тил сиёсати бўйича масалаҳатчиларининг турли муносабатлари ва амалий иш тажрибалари, ташқи кўча ёзувлари, реклама ва эълонларга қўйилаётган талаб ва тартиблар, тегишли қонунчилик бандлари, жамоатчилик назорати билан танишиб бораяпмиз. 

Нашриётларда лотин алифбосида яратилаётган турли янги луғатлари, қисқартмалар, мақоллар мазмуни, синонимлар, хорижий ўзлашма сўзларнинг тарихи ва қўлланилиши ҳақида қизиқарли маълумотлар берилмоқда. 

Хусусан, “Ўзбек тили изоҳли луғати” қайта нашри, “Халқаро терминэлементларнинг изоҳли-иллюстратив луғати”, “Қишлоқ хўжалиги атамаларининг изоҳли луғати" ҳақидаги қизиқарли маълумотларни билиб олдик ва иш жараёнида харид қилдик.

Турли таниқли шоир, ёзувчи ва журналистларимиз, истеъдодли актёр ва нотиқларимизнинг, хорижда таҳсил олаётган ўзбек талабалари, бошқа миллат вакилларининг тилимиз ҳақида мазмундор шеърлари айниқса дилга яқиндир. Хорижда ва юртимизда ўзбек тили бўйича ўтказилаётган конференциялар ва анжуманлар ҳақида ҳам доимо тўхталиб борилмоқда. 

Соҳамизнинг ўзига хос “илмий драйвери” бўлган Aлишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтларида бўлаётган сўнгги янгиликлар, соҳага оид кўплаб замонавий янгиликлар нафақат матн, балки видео шаклида ҳам мунтазам берилади.

Адабиётимиз, сўзни тўғри ёзиш ҳақидаги турли саволлар, имло хатолари кўрсаткичлари, буюк аждодларимизнинг тил ҳақидаги ибратли фикрлари, теле-кўрсатувлардан лавҳалар, радиоэшиттиришлардан парчалар ва интернетдаги ютуб каналларидаги тил қоидаларига оид курсларнинг жойлаштирилиши эса унинг жозибадорлиги ва бебаҳо аҳамиятини янада оширади. 

Унда тилга оид фаол бошқа каналлардаги мақола ва чиқишлар ҳам бериб борилиши, уларга ҳавола орқали кириш имкониятини бериши билан диққатга сазовор. 

Охир-оқибат она тилимиз мустабид тузим ва ундан кейин ҳам кўп йиллар давомида кечгани каби иккинчи даражали эмас, балки энг фаол мулоқот воситасига айланиши шарт. 

Биз педагоглар бу қимматли манбалардан ўқувчиларга таъсирчан дарслар ва амалий машғулотлар ўтиш, интерфаол ва янгича услубларда ўз тилига меҳр-муҳаббат уйғотиш, турли мафкуравий таъсирларга тушмаслиги учун самарали фойдаланиб келмоқдамиз. 

 

Муҳаббат Раҳматова

Шаҳрисабз шаҳридаги 19-ўрта мактабнинг 
ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси

    Бошқа янгиликлар