АсосийJamiyat

Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ айрим ҳуқуқбузарликлар маъмурий ҳуқуқбузарликлар тизимидан чиқариляпти

'Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ айрим ҳуқуқбузарликлар маъмурий ҳуқуқбузарликлар тизимидан чиқариляпти'ning rasmi

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Бош прокуратура томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги таҳрирдаги лойиҳаси киритилди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати хабар бермоқда. 

Маълум қилинишича, Кодекс лойиҳаси 6 бўлим, 33 боб, 573 моддадан иборат. Кодекснинг номланиши унинг тартибга солиш предметидан келиб чиқиб, Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекс деб ўзгартирилмоқда.

Маънан эскирган, амалда ўз аҳамиятини йўқотган ёки фуқаролик ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган 33 та маъмурий ҳуқуқбузарликлар Кодексдан чиқарилмоқда. Ўз навбатида 12 та янги турдаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Кодекс лойиҳаси билан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ айрим ҳуқуқбузарликлар маъмурий ҳуқуқбузарликлар тизимидан чиқарилиб, тадбиркорлик ҳуқуқий таъсир чораларини самарали қўллаш мақсадида ишларни кўриб чиқишни “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун доирасида амалга ошириш қонунчилик ташаббуси субъекти томонидан таклиф этилмоқда.

Шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича иш юритишнинг процессуал тартиби такомиллаштирилмоқда. Яъни, процесс иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини мақбуллаштириш, ҳуқуқбузарликни соддалаштирилган тартибда кўриб чиқиш, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун расман огоҳлантириш ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома тузишга ваколатли бўлган органлар ва мансабдор шахслар тоифасини мақбуллаштириш кўзда тутилмоқда.

Маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш юритиш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш кодекс лойиҳасида ўз аксини топмоқда.

Мазкур кодекс лойиҳасининг қабул қилиниши билан фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш кафолатлари кучайтирилади. Шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликлар юзасидан иш юритиш тизими такомиллаштирилиб, мазкур иш юритиш тизимидаги ортиқча тартиб-таомиллар бекор қилинади, маъмурий ҳуқуқбузарлик юзасидан жазога тортиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят бериш тартиб-таомиллари такомиллаштирилади.

    Бошқа янгиликлар