Барчамизга маълумки, эски турдаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштиришнинг сўнгги муддати 2021 йил 31 декабрь этиб белгиланган эди. Октябрь ойининг ҳам биринчи ҳафтаси ортда қолганини ҳисобга оладиган бўлсак, ушбу муддат тобора қисқариб бормоқда ва ана шу вазият ҳайдовчиларимизни “қимирлаб” қолишга ундаган бўлса ажаб эмас. Бу эса ўз-ўзидан давлат хизматлари марказларига ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш мақсадида ташриф буюрувчи фуқаролар оқими ошиши ва узундан-узун навбатларга сабаб бўлмоқда.
Хўш, бу муаммони бартараф этиш, марказларга фуқаролар оқимини камайтириш ва кутиш муддатларини иложи брича қисқартириш мақсадида Давлат хизматлари агентлиги (ДХА) масъуллари қандай ишларни амалга оширмоқда? Ушбу саволларга Давлат хизматлари агентлиги директори Улуғбек МУҲАММАДИЕВдан батафсил жавоб олдик...
МАСАЛА ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ ВА...
— Давлат хизматлари агентлиги бу масалани таҳлил қилди. Унга кўра, бугунги кунда 5 793 000 нафар ҳайдовчиларнинг 3 600 000 нафари ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштирган. Шундан 2 млн.дан ортиқ ҳайдовчининг гувоҳномаси алмаштирилмади. Эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш муддати 2021 йилнинг 31 декабрь. 2022 йил 1 январдан бошлаб, эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳақиқий эмас, деб ҳисобланади. Ҳайдовчиларга ёрдам бериш ва муаммони ечиш учун агентлик қуйидаги чораларни кўрди:
БИРИНЧИДАН,миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш учун Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек, Яккасарой ва Сергели туманлари Давлат хизматлари марказларига ҳам мурожаат қилиш имконияти яратилди;
ИККИНЧИДАН, фуқароларимиз ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш учун рўйхатдаги Давлат хизматлари марказларига дам олиш кунлари (шанба ва якшанба, байрам кунларидан ташқари) соат 9:00 дан 15:00 гача ҳам мурожаат қилишлари учун шароит яратилди;
УЧИНЧИДАН, ДХМлар орқали "права" алмаштириш учун онлайн ариза юбориш имкони берилди;
ТЎРТИНЧИДАН, ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш хизматидан фойдаланиш учун ташриф буюрувчилар оқими катта бўлганлиги сабабли, Тошкент шаҳридаги ДХМларда эрта тонг соат 7.00дан бошлаб ФАҚАТГИНА ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш хизмати кўрсатиш йўлга қўйилди. Қолган хизматлар, одатдаги режимда соат 9.00 дан бошлаб кўрсатилади.
Шу ўринда фуқароларга ҳам баъзи бир илтимосларимизни айтиб ўтмоқчимиз. Жумладан, Давлат хизматлари агентлиги бундан кейин ҳам хизматлардан фойдаланиш жараёнида қулайликлар яратишда давом этади. Сизлардан ҳам давлат хизматларидан фойдаланишда тартибни сақлашингизни, электрон навбатга риоя қилишингизни ҳамда ўзаро ҳурматни сақлаб, сабрли бўлишингизни сўраймиз.
ТАКЛИФ ҲАМ КИРИТИЛДИ, УНГА КЎРА...
— Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ташаббуси билан ишлаб чиқилган, эски ҳайдовчилик гувоҳномаларини янгисига алмаштириш муддатини тоифалаштирилган тарзда узайтиришни назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси жойлаштирилди. Қуйидаги ҳавола орқали, лойиҳа билан танишиб чиқишингиз мумкин.
Таклиф этилаётган қарор лойиҳасига кўра, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш муддатини бир йилга узайтириш назарда тутилмоқда.
МУШТАРИЙЛАРНИ ЭНГ КЎП ҚИЗИҚТИРГАН ЯНА БИР САВОЛ...
— Сиз, яъни Давлат хизматлари агентлиги раҳбари билан интервью қилишимизни айтиб, DARAKCHI.UZ сайтимиз орқали саволларингизни қолдиринг, дея эълон берганимизда жуда кўп фуқароларимиз ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштиришда доимий рўйхатда турган манзилимизга бориб алмаштиришимиз шартми, ҳозир вақтинчалик бошқа вилоятда яшаб турган бўлсак, шу ҳудудда ҳам алмаштириш имкони борми, дея сўрашган. Ушбу саволга ҳам аниқлик киритиб ўтсак...
— Бу савол ўзимизга ҳам кўп бериляпти. Мен қайта ва қайта айтаманки, Давлат хизматлари агентлигининг фаолияти аллақачон экстереториал тизимга ўтган. Яъни сиз хоҳлаган ҳудудингиз, очиқроқ айтадиган бўлсам, ўзингизга қулай бўлган ҳудуддаги офисимизга ташриф буюришингиз ва ишларингизни ўша офисда битириб чиқишингиз мумкин. Бу жараён учун сизнинг доимий ёки вақтинчалик рўйхатга олинган ҳудудингизнинг аҳамияти йўқ.
Моҳинур РУСТАМОВА тайёрлади