Куни кеча “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатида “Пробация хизмати фаолиятида инсон ҳуқуқларининг таъминланиши ҳамда ўзаро ҳамкорлик” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, йиғилишда Сенат Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзолари, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Омбудсман ҳузуридаги Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия аъзолари, ИИВ Пробация хизмати, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги вакиллари ва журналистлар иштирок этишган.
Тадбир Пробация хизмати назорати остидаги шахсларга ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш, жумладан инсон ҳуқуқларининг таъминланиши борасида таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилган.
Маълумот ўрнида айтилишича, мамлакатимизда 2020 йилда кўрилган жиноят ишларида жами маҳкумларнинг 74 фоизига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турлари қўлланилган. Бу эса ташкил этилганига унча кўп бўлмаган Пробация хизмати ходимларининг иш юкламаси мунтазам равишда ортиб бораётганини кўрсатган.
Амалга оширилган ишларга қарамасдан, ўтган 2020 йил давомида назорат остидаги шахслар орасида тайинланган жазони ўташдан қасдан бўйин товлаб, қонунларимизга итоаткорона муносабатда бўлмаган шахсларнинг ўталмай қолган жазо муддатларини озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштириш каби ҳолатлар ҳам учраган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, иштирокчилар Пробация хизмати назорати остидаги шахсларга ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш бўйича тегишли давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, жамоат тузилмалари билан ҳамкорликда ташкил этиш масалаларини муҳокама қилишган.
Шунингдек, давра суҳбати доирасида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Омбудсман ва Ички ишлар вазирлиги Пробация хизмати ўртасида меморандум имзоланган.






