АсосийJamiyat

Ўзбекистонда “Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси” кўкрак нишони таъсис этилади

'Ўзбекистонда “Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси” кўкрак нишони таъсис этилади'ning rasmi

Ўзбекистонда “Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси” кўкрак нишони таъсис этилиши мумкин. Бу ҳақда  Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарёга ташрифи давомида айтиб ўтди, дея хабар бермоқда Zamon.uz нашри.

Давлат раҳбари келгусида бюджет-молиявий инструментлар туманда эмас, маҳалланинг ўзида бўлишини, уни қаерга, нима мақсадда сарф қилишни маҳалла, яъни халқнинг ўзи ҳал қилишини таъкидлаб ўтган. Ушбу нишон ҳақида эса қуйидагича изоҳ беради:

“Энг аҳволи оғир, ишсизлик юқори бўлган маҳаллаларга ўткир иқтисодчилар қўйилади. Улар маҳаллани оёққа турғазиб, обод қилса, “Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси” кўкрак нишони билан тақдирланади. Аввалгидек, битта туманни асфальт қилиб, чироғини ёқиб ўтираверсак, одамлар биздан рози бўлмайди. Энди маҳалла туманга бориб “йўлга пул бер, cувга пул бер” деб ўтирмайди. Қўчқоровнинг тизими (Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири) 100 фоиз шунга жавоб беради” ,–дейди Президент.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, маҳаллаларда янги тизим бўйича  иш бошлайдиган "ҳоким ёрдамчилари" Президент админстрацияси томонидан тайинланишини айтади. Ушбу ёрдамчиларга маҳаллаларда оилавий тадбиркорлик кредитларини бериш, лидер тадбиркорлар лойиҳаларини амалга оширишда кўмаклашиш, эҳтиёжманд оилаларга субсидиялар ажратиш ва уларни жамоат ишларига жалб қилиш, ёшларни касбга ўқитиш бўйича молиявий инструментлар берилади.

Учрашувда бундан ташқари, Cирдарё вилояти учун оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 2,5 триллион сўм имтиёзли кредит ресурслари ажратилиши ҳам маълум қилинган.

    Бошқа янгиликлар