Мана, кузги-қишки мавсум ҳам бошланди. Ўзбекистон Гидрометеорология маркази юртимизда аллақачон ҳаво ҳарорати пастлай бошлагани ҳақида маълум қилди. Табиийки, бу даврда хонадонлар иссиқлик тизимини таъминлаш учун ҳозирлик кўрилиши лозим. Хўш, бу йил қанча турар-жой иссиқлик билан қамраб олиниши режа қилинган? Табиий газ билан таъминланиш қандай бўлади? Қиш аёзида огоҳлантиришсиз ўчириш ҳолатларига барҳам бериладими? Газ умуман етиб бормаган ҳудудларда яшовчи аҳолига суюлтирилган газ ва кўмир етказиб бериш қандай ташкил этилади?
Ушбу саволларга соҳа мутахассисларидан жавоб олдик.
ЭНДИ ГАЗ ОГОҲЛАНТИРИШСИЗ ЎЧИРИЛМАЙДИ ВА...
Баҳодир ВАҲОБОВ,
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ бошқарма бошлиғи:
– Ҳозирги кунга қадар икки миллионга яқин хонадонга электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатилди. Барча истеъмолчиларнинг телефон рақамлари базага киритилган. Агарда истеъмолчида қарздорлик аниқланса, унга албатта хабарнома юборилади ва қарзни тўлаш учун беш кун муддат берилади. Электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатилмаган хонадонлар эгаларининг рақамлари ҳам базага киритилган ва уларда ҳам қарздорлик мавжуд бўлса, табиий газ ўчирилиши ҳақида огоҳлантирилади. Тўғри, илгари табиий газ ҳеч қандай огоҳлантиришсиз ўчириларди. Энди бундай ҳолат бўлмайди. Фавқулодда ҳолатлар юзага келадиган бўлса, аҳоли маҳаллий ҳокимлик органлари томонидан хабардор қилинади.
БЕШ ТАЛАБАНИНГ ВАФОТИ БИЛАН БОҒЛИҚ ҲОЛАТ ТАКРОРЛАНМАЙДИМИ?
– Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида 5 нафар талаба вафот этгани билан боғлиқ хабарлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлди ва бу бўйича суд иши ҳам бўлиб ўтди. Келажакда бундай ҳолатлар юз бермаслиги учун чоралар кўриляптими?
– Биз бундай ҳолатлар қайта юз бермаслиги учун бир қатор чоралар кўриб қўйганмиз. Яни хонадонларга замонавий газ ҳисоблагичларини ўрнатиш баробаридамахсус анолизаторларни ҳам қўйиб кетяпмиз. Агарда газ жиҳозларидан газ сизиб чиқиш ҳолатлар кузатиладиган бўлса, анализатор клапани ёпилиб қолади. Анализатор ўрнатилмаган ҳудудларда эса ишчи гуруҳ билан режамизга мувофиқ техник кўриклар ишларини амалга оширамиз.
Қайд этиш керакки, сиз таъкидлаган хонадон эгаларидан бизга ҳеч қандай мурожаат келиб тушмаган. Биз ўз иш режамизга мувофиқ ҳаракат қиламиз. Агарда қайсидир ҳудудда газ билан ночорлик юзага келса, у ерда газ баллонидан ёки табиий газдан фойдаланилса ҳам, у юридик ташкилот бўлса-да, сервис хизмат кўрсатамиз. Чунки бу келиб чиқиши мумкин бўлган чақнаш, ёки турли талофатларни олдини олади.
ЁНҒИНЛАР ТУФАЙЛИ 97 НАФАР ФУҚАРО ҲАЛОК БЎЛДИ
– Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, ўтган 2020/2021 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида олиб борилган профилактик чора-тадбирларга қарамасдан республикада 6691 та ёнғин содир бўлиб, оқибатда 97 нафар фуқаро ҳалок бўлган ва 159 нафар инсон куйиш тан жароҳатини олган. Ушбу ҳодисалар сабаб келтирилган моддий зарар миқдори 91 млрд. сўмдан ортиқни ташкил этган. Содир бўлган ёнғинларнинг 5751 таси, яъни 86 фоизи аҳоли турар-жойларига тўғри келган.
Таҳлиллар кўрсатмоқдаки, бахтсиз ҳодисалар аксарият ҳолатларда табиий газ ва муқобил ёқилғи турларини ҳамда иситиш печларини ишлатишда газдан фойдаланиш, техник ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаганлиги, газ тармоғига нотўғри уланиш, хонадонларда очиқ оловдан фойдаланиш ҳамда дудбуронларнинг носозлиги оқибатида келиб чиқмоқда.
Шу боис бу йилги мавсумда ҳам “Ҳудудгазтаъминот” АЖ томонидан мавсум давомида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, жами 529 та ишчи гуруҳ ташкил этилиб, уларга тааллуқли идоралар вакилларидан 7.606 нафар ходим жалб этилган.
Шунингдек, масъулнинг қайд этишича, газ, электрга ноқонуний уланиш ёки нотўғри фойдаланиш оқибатида ёнғин чиқишининг олдини олишда фуқароларнинг ўзлари ҳам масъул бўлишлари шарт!
"ҚЎЛБОЛА" ИСИТИШ ПЕЧЛАРИ СТАНДАРТГА ЖАВОБ БЕРАДИМИ?"
– Бозордаги сотилаётган турли хил чет элдан келтирилган ва ўзимизда яратилган иситиш печлари қандайдир стандарт талабига жавоб берадими? Бу бўйича фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёки бошқа идоралар стандарт талабларига жавоб бериши бўйича сертификатлар берадими?
– “O’zstandart” агентлиги томонидан табиий, суюлтирилган газ ва электр жиҳозларидан фойдаланиш учун ускуналарга сертификат берилади.
Таъкидлаш жоизки, ўзимиз ҳам ҳозирги кунда 77 та туманда махсус газ ёндиргичларини сотувга қўйганмиз. Биласиз, газ доимий ёниб тургани учун нохуш ҳолатлар келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабдан ушбу мослама автоматик тарзда ёниб-ўчиб туради. Ҳар бир фуқаро ушбу жиҳозларни олиш учун ўз ҳудудларидаги газ таъминот бўлимларига мурожаат қилиши мумкин.
Бунда газ ёндиргич доимий ёниб турмагани учун газни иқтисод қилади. Хонадонларга борсак, уй исиб кетди, деб ойналарни очиб қўяди. Бу мослама орқали шуларга барҳам берилади.
ЧЕККА ҲУДУДЛАР НАЗОРАТИ ҚАНДАЙ?
Тоғли ҳудудлар учун газ баллонларини харид қилганмиз. Чекка жойлардаги охирги уйгача уларни етказиб бориш ниятимиз бор. Шунингдек, газ баллонларига махсус алоқа воситарини ўрнатганмиз. Биз ЖСМ алоқаси орқали уларни истеъмолчиларга етиб борганини назорат қила оламиз.
ЭЛЕКТР БИЛАН БОҒЛИҚ ВАЗИЯТДА ЭСА...
Фахриддин НУРАЛИЕВ,
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ахборот хизмати раҳбари:
– Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан куз қиш мавсмида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни олдини олиш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Электр энергиясидан ёнғинлар келиб чиқиш ҳолатлари бўйича статистика юритилади ва бунинг келиб чиқиш сабаблари мутахассислар томонидан ўрганилган ҳолда кейинги даврда бундай ҳолатларни олдини олиш учун зарур тадбирлар олиб борилади.
ҚИШ УЧУН ЕТАРЛИ КЎМИРГА ЭГАМИЗМИ?
Шу ўринда қайд этиш керакки, газ етиб бормаган чекка ҳудудларда уй-жойни иситиш учун аҳоли хонадонлари кўмир билан таъминланиши шарт. Хўш, ўтган йилни зарар билан якунлаган “Ўзбеккўмир” АЖбу йилги мавсум учун қандай чоралар кўрмоқда?
Эркин ЯКУБОВ,"Ўзбеккўмир" АЖ бош директорининг ўринбосари:
– Ўзбекистонда айни кунларда уй-жой фонди ва ижтимоий соҳа объектларини 2021/2022 йиллар куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича қатор тадбирлар олиб борилмоқда. 1 сентябрь ҳолатига республикамиз ижтимоий соҳа объектлари мавсум учун етарли кўмир билан тўла таъминланган. Ҳозирда кўмир маҳсулоти аҳоли эҳтиёжлари учун етказиб берилмоқда.
Айни пайтда жамият тизимидаги кўмир саноати корхоналарини куз-қиш мавсумида барқарор ишлашга тайёрлаш бўйича ҳам ишлаб чиқилган режа асосида ишлар олиб борилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, “Ўзбеккўмир” АЖда истеъмолчилар, хусусан аҳолини етарли миқдорда ва сифатли кўмир билан таъминлашнинг барча имкониятлари мавжуд ва биз ҳукуматимиз олдимизга қўйган топшириқларни ўз вақтида бажариш учун барча имкониятларни ишга соламиз.
"ЎЗБЕККЎМИР” АЖ 2020 ЙИЛНИ ЗАРАР БИЛАН ЯКУНЛАГАН...
БУНИНГ САБАБИ НИМА?
– Зарар кўришимизга биринчи асосий сабаб доллар курсининг ошганидир. 2020 йилнинг 1 январ ҳолатига кўра, валюта кредитлари бўйича асосий қарз қолдиғи 92,3 миллион АҚШ долларини ташкил қилган. Доллар курси ошиши натижасида 2021 йилнинг 1 январ ҳолатига кўра, 102,2 миллиард миқдорида курс бўйича фарқ юзага келди.
Иккинчидан, коронавирус пандемияси сабабли 2020 йилнинг I ярим йиллигида саноат корхоналари томонидан электр энергияси истеъмоли кескин пасайиб кетиб, режадаги кўмир сотилмай қолди. Асосий истеъмолчилар Ангрен ва Янги Ангрен ИЭСдан режадаги кўмирга талаб бўлмади. Натижада прогноздаги 4,3 миллион тонна ўрнига амалда 3,9 миллион тонна маҳсулот сотилган ва 81,6 миллиард сўм миқдорида фойда олинмай қолган. Бу эса корхона моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, маошларни ўз вақтида тўлашда муайян қийинчиликларга олиб келди.
Учинчи асосий сабаб, кўмир нархи кейинги уч йил давомида бир хилда ушлаб турилгани, 2019 йилдан буён, масалан, аҳоли учун 1 тонна кўмир 300 минг 300 сўмдан сотилаётганидадир. Жамиятда зарарни қоплаш учун маҳсулот таннархини камайтириш устида жиддий иш олиб борилмоқда. Натижалар ёмон эмас. Жорий йилнинг ўтган олти ойида кўрилаётган зарарни кескин қисқартиришга эришдик – 3 млрд сўм.
Айни пайтда маблағ тақчиллиги билан боғлиқ муаммолар бартараф этилмоқда.
Дилбар АБДУНАБИЕВА тайёрлади






