Навоий вилояти Кармана тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Зарафшон дарёсида балиқлар оммавий заҳарланди. Бу ҳақда Навоий вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Ўрганиш давомида бошқарманинг Аналитик лаборатория масъул ходимлари, Кармана тумани Экология инспекцияси давлат инспекторлари, вилоят Ветеринария лабораторияси ва “Навоийазот” АЖнинг Санитар лабароторияси мутахассислари ҳамкорлигида дарёнинг 5 та нуқтасидан таҳлил намуналари олинди. Натижада “Навоийазот” АЖ га қарашли (1-ташлама) 267-қудуқдан азот аммоний 21 маротаба, азот нитрат 2,6 маротаба, азот нитрит 60 маротаба, хлоридлар 1,3 маротаба, мис ионлари 2,1 маротаба белгиланган меъёрлардан юқорилиги ҳамда дарёда оммавий заҳарланиш юзага келганлиги аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича дастлабки ўрганиш-суриштирув ишлари давом этмоқда. Унинг якуни бўйича қўшимча маълумот берилади.