Бугун, 9 октябрь куни Адлия вазирлигида “Ота-оналар куни” ташкил қилинди. Бу ҳақда вазирлик Ахборот хизмати "Darakchi.uz"га хабар берди.
Ушба тадбирдан мақсад вазирликда ходимлар учун яратилган шароит ва имкониятлар, вазирлик фаолияти тўғрисида ходимларнинг ота-оналарини яқиндан таништиришдан иборат.
Тадбирга Республиканинг барча ҳудудларидан ота-оналар ташриф буюришди.
Байрамона руҳда ташкил қилинган тадбирда ота-оналар учун вазирлик бўйлаб экскурсия ўтказилиб улар фарзандларининг хизмат хоналари билан бевосита таништирилди, маданият ходимлари иштирокида қизиқарли суҳбатлар уюштирилди.
Вазирлик раҳбарияти томонидан ходимларнинг ҳуқуқ соҳасида амалга ошираётган самарали меҳнатлари учун уларнинг ота-оналарига миннатдорлик ва ташаккур билдирилиб, вазирлик ҳуқуқшунос кадрлар учун ўзига хос “мактаб” эканлиги таъкидланди ва ходимларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Хусусан, 2019-2021 йилларда 60 дан ортиқ ходимлар чет эл сафарларига юборилган бўлиб, Жорий йилда жами 121 нафар ходим турли рағбатлантиришлар жумладан, давлат мукофоти, кўкрак нишонлари ва бир марталик пул мукофотлари билан рағбатлантирилган.
2019-2021 йиллар давомида вазирликнинг 14 нафар ходимлари юқори турувчи идоралар – Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасининг раҳбар ва масъул лавозимларига тайинланган.
Шунингдек, ходимларни уй-жой билан таъминлаш, дам олиш кунларини мароқли ўтказиш имконияти яратилган, доимий равишда спорт мусобақалари ва тимбилдинг акциялари ўтказилиб келинмоқда.
Вазирлик бундан кейин ҳам халққа яқин бўлиш, очиқлик, бюрократиядан холи бўлиш каби стратегик мақсадларни олдига қўйганлиги яна бир бор таъкидланди.