АсосийJamiyat

YouTube'даги "Сурхондарё вилояти учун шармандалик"га ҳокимлик муносабати билдирди

'YouTube'даги "Сурхондарё вилояти учун шармандалик"га ҳокимлик муносабати билдирди'ning rasmi

Жорий йилнинг 7 октябрь куни YouTube  видеоматериаллар ҳостинги орқали "Сурхондарё вилояти учун шармандалик" сарлавҳаси остида Шарбат Пардаеванинг Термиз шаҳридаги уйини хужжатлаштириб олмагани ва кўчада қолгани тўғрисида видеомурожаати тарқалди.

Ушбу ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти ҳокимлиги қуйидагиларни маълум қилади:

"Видеомурожаатчи Шарбат Пардаева 02.02.1946 йил туғилган.  Қумқўрғон тумани, “Дўстлик” маҳалласи, “Ҳамза” кўчаси, 30-уй, 18 хонадонда яшайди.  Фуқаро Ш.Пардаеванинг уч нафар фарзанди,  икки нафар қиз, бир нафар ўғли бор. Қизлари Қумқўрғон туманида яшайди. Ўғли Урунов Қаҳрамон Насирович Термиз шаҳри, (Тотувлик) Бобохўжаев кўчаси, 5-уйда турмуш ўртоғи Амонова Лобар ва 3 қизи билан истиқомат қилиб келган.  Қ.Урунов 30.06.1968 йилда туғилган.

 

Ўрганишлар чоғида Урунов Қаҳрамон (Ш.Пардаеванинг ўғли) спиртли ичимликка ружу қўйгани оқибатида турмуш ўртоғи Омонова Лобар ўртасида юзага келган тинимсиз оилавий жанжаллар сабабли эр-хотин алоҳида яшаётгани маълум бўлди.

 

Ш.Пардаева жорий йил 7-сентябрь куни ўзига тегишли бўлган Қумқўрғон тумани, "Дўстлик"  маҳалласи, Ҳамза кўчаси, 30-уй, 18- хонадонни катта қизи Урунова Зулфиянинг ўғли 20.01.1986 йилда туғилган набираси Аҳмедов Абдиқаххорга ҳадя қилиб берган.

 

Видеомурожаатда назарда тутилган хонадон Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Термиз уй-жойдан фойдаланиш  қисми тасарруфидаги хизмат хонадони бўлиб, Термиз ҳарбий госпиталига бириктирилган.

 

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 75-моддасида "Хусусий, муниципал, идоравий уй-жой фондининг уйларида жойлашган, ўз меҳнат муносабатлари хусусиятига кўра, иш жойига бевосита яқин ерда яшаши керак бўлган фуқаролар кўчиб киришга мўлжалланган турар жойлар хизмат турар жойлари, деб ҳисобланади"- дея белгиланган.

 

Шунга мувофиқ 2019 йил 15 апрелда фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди томонидан низоли Термиз шаҳри, (Тотувлик) Бобохўжаев кўчаси 5-уй,15-хонадон, "хизмат турар жойи" дан "низоли хонадонда яшаш ҳуқуқини берувчи Термиз уй-жойдан фойдаланиш қисми ёки шаҳар ҳокимлиги томонидан берилган тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги" сабаби билан хонадонни ўзбошимчалик билан эгалланган деб ҳисобланиб, Пардаева Шарбат, ўғли Урунов Қаҳрамон, келини Амонова Лобарларни мажбурий тартибда кўчириш ва фойдаланиш  ҳуқуқини йўқотган деб топиш, бошқа турар-жой бермасдан кўчириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинган.

 

Мазкур фуқаролик иши 2019 йилнинг 2-октябрь куни қайта кўриб чиқиган ва қарор ўз кучида қолдирилган.

 

Шу ўринда, ижтимоий тармоқ фаоллари ҳамда блогерлардан Ўзбекистон Республикасининг "Ахборотлаштириш тўғрисида"ги қонуни 12,1-моддасида "Веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг ёхуд бошқа ахборот ресурсининг эгаси, шу жумладан блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштирадиган Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги ўз веб-сайтидан ва (ёки) веб-сайт саҳифасидан ёхуд бошқа ахборот ресурсидан ...фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи ахборотларни тарқатиш қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган ўзга ҳаракатларни содир этиш мақсадларида фойдаланишга йўл қўймаслиги шарт эканлиги ҳамда ушбу модданинг иккинчи қисмида Веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг ёхуд бошқа ахборот ресурсининг эгаси, шу жумладан блогер: ... ахборот жойлаштирилгунига қадар унинг тўғрилигини текшириши, шунингдек жойлаштирилган ахборотнинг нотўғрилиги аниқланган тақдирда, уни дарҳол ўчириб ташлаши шарт экани белгилаб қўйилганини эслатиб ўтамиз.

 

Юқоридагиларга асосланиб, YouTube  видеоматериаллар ҳостингидаги саҳифасига видеомурожаатни жойлаган блогердан мазкур видеони ўчириши талаб этилади. Блогерлардан эса асоссиз ахборотларни жаҳон интернет тармоғида тарқатмасликни сўраймиз"

    Бошқа янгиликлар