Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани, Феруза даҳасидаги 8 ва бошқа уйлар оралиғидаги дарахтзордан иборат болалар майдони ва аҳоли дам олиш жойи аҳоли норозилигига қарамай аукцион савдоларига қўйилган ва
"PREMIUM ENGINERING GROUP" МЧЖ томонидан меҳмонхона қуриш мақсадида ютиб олинган. Бу ҳақда депутат Расул Кушербоев ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали хабар қилди.
"Аҳоли кўп йиллик манзарали дарахтлар кесилиши ва кўп қаватли уйлари оралиғи диққинафас тор жойга айлантирилишидан норози.
Масъуллар табиатни асраш йўлидан бормай, халқ фикрини инобатга олмагач, оҳири одамлар ўзлари ҳудудни ҳимоя қилишга ўтишди. Улар «Яланғач биринчи коммунал» уй жой мулкдорлари ширкати орқали ерни аукционга қўйган ташкилотчилар ва дарахт кесишга чоғланган тадбиркорлик субъектини судга берибди.
Кўрамиз дарахт кесишга мораторий жорий қилинган бир вақтда дарахтлар тақдири нима бўларкин.
Нима бўлгандаям халқ фикрини бир тийинга олмай, фақат "соққа"ни ўйлайдиган масъулларимиз бор бўлсин, яшанглар!!!
Ҳокимиятга эса гап йўқ!" - дея ёзиб қолдирган Кушербоев.






