ССВнинг маълум қилишича, жорий йил бошидан Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонасига 18 ёшгача бўлган 3658 нафар ўғил-қиз COVID-19 ташхиси билан ётқизилган. Уларнинг энг катта қисми, яъни 1263 нафарини 7 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар ташкил этади.
Шу сабабли мутахассислар тезроқ эмланишни тавсия қилмоқда.
Шунингдек, "Зангиота"да даволанаётган бемор вакцина олмагани туфайли коронавирусдан сақлана олмагани ҳақида сўзлади.
"Бу ерда икки ўғлим билан ётибмиз. Бири ўн уч, иккинчиси уч яшар. Касаллик аввал уларга юққан, кейин мен ҳам хасталаниб қолдим. Палатадошларимиз Шоира Қодирова ва унинг 6 ёшли фарзанди– қариндошларимиз. Улар билан ҳам мулоқотда бўлгандик. Ҳозир муолажалар давом этяпти. Болаларнинг аҳволи анча яхши. Ўзимиз ҳам кундан-кун тетиклашиб боряпмиз. Лекин ўз вақтида вакцина олмаганимиздан афсусдамиз",–дейди бемор.
Шу билан бирга, шифокор бу борада қуйидагича тушунтириш берди.
"Масаланинг иқтисодий жиҳатини таҳлил қиладиган бўлсак, касалланган ўрта ҳолатдаги бемор муолажаси учун давлатимиз ҳисобидан 15 миллион сўмгача маблағ сарфланмоқда. Албатта, бу суммалар дори-дармон, озиқ-овқат, тиббий хизмат, транспорт, коммунал ва бошқа кўплаб сарф-харажатларни ўз ичига олади. Қолаверса, COVID-19га чалинган бемор шифохонадан тузалиб, уйига қайтгач ҳам, иммун тизими тўлиқ тикланиши ва хасталик асосратларидан батамом халос бўлиши учун узоқ вақт тиббий препаратларни қабул қилиб юришига тўғри келади. Албатта, буларнинг барчаси катта чиқим талаб этиши турган гап. Бундан ташқари, коронавирус кейинчалик инсон танасининг бошқа аъзолари фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатиши эҳтимоли юқори. Шу маънода, вакцина энг арзон, хавфсиз ва самарали усулдир",–дейди шифохона директори Анвар ҲУСАНОВ.
Болалар бўлими мудири Ҳилола МАРДОНОВА касалликни ёш болаларда қандай кечаётгани ҳақида сўзлаб берди.
"Бўлимимиздаги болаларнинг 20-30 фоизида вирусли пневмония кузатилмоқда. Йил бошидан буён 84 нафар бола жонлантириш бўлимига ётқизилган бўлса, ҳаммаси тузалиб чиқиб кетишди. Тўғри, касаллик аксарият ўғил-қизларда нисбатан енгил ўтяпти. Тузалиш муддати ҳам ўртача 5-7 кунни ташкил этмоқда. Аммо барибир хотиржамликка берилмаслигимиз шарт. Шу маънода, 12 ёшгача бўлган боларнинг эмланиши имкониятдан оқилона фойдаланишимиз зарур",–дейди шифокор.






