Аввал хабар қилганимиздек, ЕХҲТ ДИИҲБнинг Ўзбекистондаги Президент сайловини кузатиш миссияси жорий йилнинг 15 сентябридан 5 октябригача бўлган дастлабки ҳисоботида мамлакатда фуқароларни сайловлар ҳақида хабардор қилишда турли формат ва усуллардан фойдаланилганлигини, шу жумладан ижтимоий тармоқларда тарғиб қилувчи видео ва график материалларни тарқатилишини алоҳида қайд этган.
Айни пайтда Адлия вазирлиги Жамаотчилик билан алоқалар бўлимининг маълум қилишича, Адлия вазирлиги МСК билан ҳамкорликда аҳолининг, шу жумладан ёшларнинг, сайлов қонунчилиги бўйича билимларини ва уларнинг ҳуқуқий онг ва маданиятини оширишга қаратилган кенг тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширилди
Хусусан, дастлаб сайлов комиссиялари аъзолигига номзодларнинг малакасини ошириш мақсадида Марказий сайлов комиссиясининг қарори билан Сайлов комиссиялари аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш Концепцияси тасдиқланди.
Марказий сайлов комиссияси билан Давлат бошқарув академияси, Тошкент давлат юридик университети, Бош прокуратура академияси, Ички ишлар академияси ўртасида мазкур концепцияда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорлик юзасидан келишув имзоланди.
Сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов қонунчилиги ва сайловда замонавий ахборот технологияларини қўллаш бўйича назарий билимлари ҳамда амалий кўникмаларини оширишга қаратилган семинар-тренинглар уч боскичда ўтказилди.
Семинар-тренингларни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида Давлат бошқарув академияси ва Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилардан иборат юқори малакали экспертлар томонидан ўқув режалари, ўқув-услубий материаллар (тақдимот, инфографика, видео-дарслар ва бошқалар) тайёрланди.
Сайлов комиссияси аъзоларини малакасини оширишда сайловчилар рўйхати билан ишлаш, шу жумладан сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидан фойдаланиш, муддатидан олдин ва сайлов куни овоз беришни ташкил қилиш, сайлов натижаларини аниқлаш ва эълон қилиш тартиби ва сайловни ўтказишга доир бошқа масалалар бўйича билимларни ошириш ва амалий кўникмаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор берилди.
200 дан ортиқ ҳуқуқий тарғибот гуруҳлари шакллантирилди
Вазирлик томонидан “Сайлов – 2021: ўз келажагинг учун овоз бер” шиори остида Сайлов кодекси ва унга киритилган сўнгги ўзгартиришларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини содда, халқчил тилда баён этувчи ҳуқуқий тарғибот материаллари тўплами (слайд, инфографика, аннотация, видеодарс) тайёрланиб, кенг аҳоли қатламига етказилиб келинмоқда.
Республиканинг энг чекка туман ва қишлоқларида истиқомат қилаётган фуқароларга сайлов қонунчилигини тушунтириш мақсадида қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари бошчилигида тегишли идоралар билан ҳамкорликда ҳудудий сайлов тарғиботи гуруҳлари, туман (шаҳар) адлия бўлимлари бошчилигида эса 200 дан ортиқ кичик ҳуқуқий тарғибот гуруҳлари шакллантирилди. Ҳозирда ушбу тарғибот гуруҳлари фаол ишлаган ҳолда, аҳоли ўртасида сайлов тарғиботи тадбирларини ўтказиб келмоқда.
Бундан ташқари, тарғибот гуруҳлари томонидан “Сиз сайлов ҳуқуқларингизни биласизми?” мавзусида режа-график асосида ҳар ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари давлат органлари, маҳаллалар, қишлоқлар, меҳнат жамоалари кесимида семинар, давра суҳбати, савол-жавоб ва аҳолини қизиқтирадиган бошқа шаклларда ташкил этилмоқда.
Сайловга оид мурожаатларига онлайн жавоб
“Advice.uz” ҳуқуқий ахборот портали орқали аҳолини қизиқтирган сайловга оид саволларига жавоб олинишини таъминлаш мақсадида порталда “Сайлов масалалари” бўлими яратилди ва сайловга оид қонунчилик бўйича содда, халқчил тилда тайёрланган маълумотлар жойлаштирилди. “Мадад” ННТ ходимлари томонидан фуқароларнинг сайловга оид мурожаатларига онлайн жавоб бериб келинмоқда.
Вазирликнинг телеграмдаги “Huquqiy axborot” каналида #Сайлов_2021 рукни орқали фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига оид маълумотлар қисқа, содда, халқчил тилда каналга жойлаштирилмоқда, ҳар бир маълумот билан 100 мингдан ортиқ обуначилар танишмоқда.
Шу билан бирга, вазирлик томонидан, аҳолининг электорал маданиятини янада юксалтириш бўйича бугунги кунга қадар адлия органлари томонидан 25 165 дан ортиқ ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилди. Жумладан, телевидение орқали 210 та, радиода 451 та чиқишлар қилинди, 14 854 маротаба семинар ва давра суҳбатлари ўтказилди, веб-саҳифа ва ижтимоий тармоқларда 9 451 дан ортиқ маълумотлар жойлаштирилди, 178 дан кўпроқ таҳлилий маълумотлар ва мақолалар газета ва журналларда чоп этилди.
Ҳуқуқий акциялар
Аҳолининг сайлов жараёнидан хабардорлик даражасини оширишга қизиқиш уйғотиш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий билим даражасини ошириш мақсадида ҳудудий адлия органлари томонидан “Биз танлаш ҳуқуқига эгамиз”, “Сайловчилар рўйхатида бормисиз?”, “Мен шахсан ўзим овоз бераман”, “Бизнинг оиламизда ҳар биримиз ўз овозимизга эгамиз”, “Менинг овозим Ватан келажагига дахлдор” мавзуларида турли акциялар ташкил этилмоқда. Ушбу акциялар доирасида минглаб фуқароларга сайлов қонунчилиги мазмун-моҳияти тушунтириб келинмоқда.
Инклюзив сайловлар
Ўзбекистон республикаси Конституцияси ва Сайлов кодексига кўра фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгадир.
Шу асосда ҳудудий адлия органлари томонидан кўриш ва эшитиш қобилияти чекланган фуқароларга сайлов қонунчилиги тушунтириш бўйича тарғибот тарбирларини ўтказиш тизимли йўлга қўйилган. Жумладан, ҳудудий адлия органлари томонидан сайлов қонунчилигини ўзи ичига олган Брайль ёзуви асосида тарғибот материаллари тайёрланиб, аҳолига семинар-тренинглар давомида тарқатилмоқда, сурдо таржимонлар ёрдамида тушунтирилмоқда.
Шунингдек, республика бўйлаб ногиронлар уйлари ва муассасаларида “Мен жамиятнинг тўлақонли аъзосиман” мавзусида давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказилмоқда.
Сайловларда хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш
Сайловларда хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш ҳам муҳим масаладир. Шу мақсадда вазирлик томонидан сайлов жараёнларида аёлларнинг сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган “Хотин-қизларнинг сайловлардаги иштироки” мавзусида турли тадбирлар ташкил этилиб, бу жараёнларда уларнинг ҳам иштироки муҳим эканлиги айтилмоқда.
Қўлланма ва рисолалар
Аҳолига босма нашрлар орқали сайлов қонунчилигини етказиш мақсадида ҳам тизимли ишларга амалга оширилди. Хусусан, вазирлик ҳузуридаги “Адолат” МҲАМ томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (жами 21 000 нусхада), Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси (жами 2 1000 нусхада), Ўзбекистон Республикасининг сайловга оид қонун ҳужжатлари тўплами (жами 15 000 нусхада), “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови: 100 саволга 100 жавоб” рисоласи (25 000 нусхада), “Сайлов қонунчилиги бўйича ўқув-амалий қўлланма” (37 250 нусхада), “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кузатувчилари учун эслатма” (11 900 нусхада), “Сиёсий партияларнинг кузатувчилари учун эслатма” (55 350 нусхада), “Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари учун эслатма” (22 300 нусхада) нашр қилинди.
Шунингдек, “Маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун эслатма” (3 000 нусхада), “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссиялари фаолиятини ташкил этиш бўйича амалий қўлланма” (50 000 нусхада) нашр қилиш жараёнида.
Сайлов қонунчилиги бўйича тарғибот тадбирлари давом этмоқда.






