АсосийJamiyat

Қашқадарё уй-жой масаласи бўйича энг кўп мурожаат қилган ҳудуд. Ечим ҳам бор

'Қашқадарё уй-жой масаласи бўйича энг кўп мурожаат қилган ҳудуд. Ечим ҳам бор'ning rasmi

Қашқадарё вилоят аҳолисини қийнаб келаётган энг долзарб муаммолардан яна бири – уй-жой билан таъминлаш масаласи. Жорий йилда уй-жой масаласида Ҳалқ қабулхоналарига 6 минг нафар фуқаро мурожаат қилган бўлиб, бу республикада энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтган йиғилишдан “Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқулов хабар қилди.

Шу сабабли жорий йилдан бошлаб “Боғдод тажрибаси” асосида уй-жойлар, ишлаб чиқариш, саноат ва ижтимоий инфраструктура объектларини ўз ичига олган Янги Ўзбекистон массивлари барпо этилади. Биринчи босқичда вилоятнинг Чироқчи, Шаҳрисабз ва Косон туманларида, иккинчи босқичда Яккабоғ, Қарши ва Ғузор туманларида эҳтиёжга қараб қурилишлар давом этади.

Янги массивлар ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан тайёр ҳолда фойдаланишга топширилади. Аҳолини доимий иш билан таъминлаш мақсадида, массивлар ҳудудида 7 та кичик саноат зоналари ташкил этилади. Ҳар бир массивда 20 гектардан иборат “Ёшлар иссиқхона мажмуа”лари қурилиб, у ердаги 14 минг оилага 10 сотихдан тақсимлаб берилади”, деди президентликка номзод Шавкат Мирзиёев. 

Шунингдек, Қарши ва Чироқчи туманларининг 5 минг гектар қир-адирларида “Янги Ўзбекистон массиви” барпо этилиб, 8 минг квартирали 300 та кўп қаватли уй, мактаб, боғча, шифохона, савдо маркази ва бошқа объектлар қурилади.

Умуман олганда, келгуси беш йилда вилоятда жами 30 минг квартирали қарийб 1 мингта кўп қаватли уйлар ва 2,5 мингта якка тартибдаги уйлар барпо этилади (олдинги беш йилга нисбатан 3 баробар кўп).

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида эса келгуси беш йилда 140 та қишлоқ ва маҳаллада кенг кўламли ободонлаштириш ва қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиб, бунга 1,6 триллион сўм маблағ йўналтирилади. 

    Бошқа янгиликлар