Жорий йилнинг 29 сентябрь куни Хоразм вилояти Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг таъсис йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати "Darakchi.uz"га маълум қилди.
Йиғилиш аввалида жамиятда коррупция келтириб чиқараётган ижтимоий-молиявий муаммолар ва уларнинг олдини олиш, бартараф этиш мақсадида ишлаб чиқилаётган привинтив механизмлар ҳақида тўхталиб ўтилди.
Шундан сўнг Хоразм вилояти Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг аъзолари йиғилганларга таништирилиб, вилоятда бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ва Кенгаш аъзолари олдида турган вазифалар белгилаб берилди. Хусусан,
- ҳудудий Кенгаш вилоятда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат ва бошқа дастурларнинг амалга оширилишини ташкил этади;
- аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга доир чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этади;
- коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, чек қўйиш, оқибатлари ҳамда имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга доир чора-тадбирлар самарадорлиги оширилишини таъминлайди;
- коррупциянинг ҳолати ва тенденциялари тўғрисидаги ахборотни йиғади ҳамда таҳлил қилади;
- коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилиши юзасидан мониторингни амалга ошириш, ушбу соҳадаги мавжуд ташкилий-амалий ва ҳуқуқий механизмларнинг самарадорлигини баҳолаш учун тегишли ҳудудда қилинган ишлар ижроси ҳақида Миллий кенгаш ишчи органига ахборот тақдим этади.
Анжуман давомида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг ўринбосари Т.Ҳайдаров, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси Х.Ёдгоров, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи Д.Раҳимов сўзга чиқиб, коррупцияга қарши курашиш йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бу жараёнда ташкил этилаётган ҳудудий Кенгашларнинг ўрни ҳақида батафсил маълумот бердилар.






