2021 йил 11 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтаётган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича Кенгаш вазирлар учрашуви доирасида Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири Субраманям Жайшанкар билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ ахборот хизмати маълум қилди.
Таъкидланишича, мулоқот чоғида Ҳиндистон томони давлатлараро муносабатларнинг бугунги даражасини юқори баҳолаб, изчил ва юқори суръатда ривожланаётганини қайд этган.
Бўлиб ўтган музокарада савдо-иқтисодий ҳамкорлик истиқболлари, томонларнинг халқаро ташкилотлар доирасидаги мулоқотини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.
Афғонистондаги ҳозирги вазият, жумладан, мамлакатга инсонпарварлик ёрдам кўрсатиш борасида атрофлича фикр алмашилган.
Шунингдек, Ҳиндистон томони Афғонистонда узоқ муддатли ва барқарор тинчликни ўрнатиш бўйича Ўзбекистон билан фаол ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирган.