АсосийJamiyat

Андижон давлат тиббиёт институтида ходимлардан ушлаб қолинган 150 млн сўм адлия органлари томонидан қайтарилди

'Андижон давлат тиббиёт институтида ходимлардан ушлаб қолинган 150 млн сўм адлия органлари томонидан қайтарилди'ning rasmi

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Андижон давлат тиббиёт институти ходимлари томонидан уларнинг ойлик иш ҳақидан шанбалик учун пул маблағлари ушлаб қолинаётганлиги мазмунида хабар кенг тарқалди.

Ушбу ҳолат Андижон вилоят адлия бошқармаси томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганиб чиқилди, дея "darakchi.uz"га хабар бермоқда Адлия вазирлиги Ахборот хизмати. 

Ўрганиш давомида, Андижон давлат тиббиёт институти ректорининг 2021 йил 15 сентябрдаги буйруғи билан ходимларнинг иш ҳақларидан пул маблағларини ихтиёрий равишда шанбалик учун ушлаб қолиш белгиланганлиги аниқланди.  

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 164-моддасига мувофиқ, меҳнат ҳақидан ушлаб қолишга ходимнинг ёзма розилиги билан, бундай розилик бўлмаган тақдирда эса, суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.

Бироқ, институт ректорининг юқоридаги буйруғига асосан 743 нафар ходимларнинг сентябрь ойи учун ойлик иш ҳақидан 100—300  минг сўмдан жами 150 млн сўм маблағлар август ойида ўтказилган ҳашар муносабати билан ушлаб қолинган бўлиб, шундан 221 нафар ходимнинг иш ҳақидан уларнинг розилигисиз пул маблағлари ушлаб қолинган.

Ўрганиш натижасида 150 млн сўм пул маблағлари институт ходимларига тўлиқ қайтарилди ҳамда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган институтнинг мансабдор шахслари интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди, дейилган тақдим этилган маълумотда. 

 

    Бошқа янгиликлар