Россиянинг Екатеринбург шаҳридаги Ўзбекистон бош консулхонаси ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонаси ходимлари Кольцово халқаро аэропортида 30 га яқин юртдошларимизнинг рейсдан қолиб кетгани ҳақидаги мурожаатини ўрганди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, “Ред вингс” авиакомпаниясининг 2021 йил 5 октябрь куни соат 07:00да белгиланган Екатеринбург – Наманган рейси ўз вақтида учмаган. Рейс дастлаб 6 октябрь куни соат 23:00га, кейинроқ эса 8 октябрь куни соат 01:15га кўчирилган.
Мазкур вақт оралиғида чипта олган юртдошларимизга овқат ва турар жой тақдим этилмаган ва улар ПЦР тестини бир неча бор қайта янгилашга мажбур бўлган.
Юртдошларимиз 8 октябрь куни соат 01:15да авикомпания томонидан Екатеринбург – Фарғона йўналишида Ўзбекистонга учган.
Ҳозирги вақтда юқоридаги ҳолат, хусусан авиакомпания ходимлари ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида ваколатли ташкилотларга мурожаат этилди.






