Куни кеча Олий Мажлис Сенати Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳудудларда амалга оширилиши бўйича рейтинг баҳолаш тизими мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида семинар ўтказилди.
Унда сенаторлар, Ёшлар парламенти аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар котибият мудирлари ҳамда мутасадди ташкилот ва идоралар масъуллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди, дея хабар бермоқда Сенат ахборот хизмати.
Қайд этилишча, йиғилиш давомида рейтинг баҳолаш тизимини жорий этишдан мақсад ҳақида сўз борган.
Хабарга кўра, мазкур рейтинг тизимини ишлаб чиқишда “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни асос қилиб олинган, бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ўрганилган. Шу жумладан, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари, Қўмита ҳузуридаги экспертлар ҳамда Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари иштирокида муҳокама қилинган.
Ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, соғлиғини сақлаш, ногиронлиги бўлган, ота-она қарамоғидан маҳрум ва етим болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш, улар учун замонавий ва сифатли таълимни таъминлаш, ишга жойлаштириш ва улар тадбиркорлигини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, маданият, санъат ва спортга кенг жалб этиш, бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш ҳамда ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш, парламент ва маҳаллий Кенгашларнинг ёшлар билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш рейтинг баҳолашнинг устувор йўналишлари этиб белгиланган.






