Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари томонидан “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуннинг республика ҳудудларида бажарилиш ҳолати ўрганиб чиқилган.
Ўрганишларда аҳолига хизмат кўрсатиш борасида эришилган ютуқлар билан бирга, ўз ечимини кутаётган бир қатор қуйидаги тизимли камчиликлар аниқланган.
Биринчидан, юртимиздаги ўнлаб туман ва шаҳарларда маданият марказларининг биноси капитал ва жорий таъмирга муҳтож, бир қатор маданият марказлари алоҳида бино билан таъминланмаган.
Иккинчидан, ҳудудлардаги аксарият маданият марказлари тегишли моддий-техник база билан таъминланмаган; бошқа бир қатор маданият марказларидаги моддий-техник база эса талаб даражасида эмас.
Учинчидан, амалдаги норматив ҳужжатларга мувофиқ ҳудудий маданият марказлари бевосита Маданият вазирлиги тасарруфидаги ташкилотлар бўлишига қарамай, амалда ҳудудий ҳокимликларга бўйсиндирилган бўлиб, уларга ҳокимлик хўжалик ва хизмат кўрсатиш комплексининг таркибий қисми сифатида қараб келинмоқда. Бунинг оқибатида, маданият марказларида амалга ошириладиган фаолият тури учун талаб этиладиган конструктив муҳитнинг юзага чиқиши қийин кечмоқда.
Ўрганишлар чоғида аниқланган камчиликлар Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни ривожлантириш Концепциясида белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш, хусусан, маданият муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, қабул қилинаётган иқтисодий, ижтимоий ва маданият соҳасига оид қарорларнинг бажарилишини таъминлаш борасида ўзига хос тўсиқ бўлмоқда.
Депутатлар томонидан олиб борилган парламент назорати натижалари аниқланган камчиликларга муносиб ечим топиш зарурати юзасидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Абдуҳакимовга Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида қарор қабул қилишди.






