АсосийJamiyat

Банкларда таълим кредити ўз вақтида ажратиляптими? Масъуллардан изоҳ олдик

'Банкларда таълим кредити ўз вақтида ажратиляптими? Масъуллардан изоҳ олдик'ning rasmi

Янги тартибдаги таълим кредити  банкларда қай тартибда амалга оширилаяпти? Уларнинг мурожаат манзиллари қандай? Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида кичик суриштирув ўтказдик.

ЎЗСАНОАТҚУРИЛИШБАНК

Беҳзод БОЗОРОВ, Ўзсаноатқурилишбанк Ахборот хизмати раҳбари - Бошқарув раисининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси:

—Шу кунга қадар 104 нафар талабанинг таълим-шартномасига кўра, жами 1 млрд. 840 млн. сўмдан зиёд таълим кредитлари берилди ва кредит берилиши ҳали давом этмоқда.

Кредит олиш учун Банкнинг исталган филиалига мурожаат қилиш мумкин. Қўшимча маълумотларни Банк расмий сайти (sqb.uz), (71) 200-43-43 ягона колл-маркази ҳамда ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларидан олиш мумкин.

ИПОТЕКА-БАНК

Расул ЖУРАЕВ, Чакана хизматлар департаменти бош мутахассиси:

—“Ипотека-банк” АТИБ томонидан 2021 – 2022 ўқув йили учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 августдаги 527-сонли “Олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари ажратишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан талабаларга Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатаётган барча олий таълим ташкилотларида кундузги таълим шаклида бакалавриат ҳамда магистратура босқичида тўлов-контракт асосида таҳсил олиш учун Ўзбекистон Республикаси фуқароларига Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан таълим кредитлари ажратилади.

Бугунги кунга қадар Ипотека банки томонидан янги тартиб асосида 483 нафар талабага қарийб 6 млрд.сўмга яқин таълим кредити ажратилди. 

Таълим кредитлари талаба ҳамда ўқув муассасаси ўртасида имзоланган шартнома суммаси миқдорида берилади. Таълим кредити беришда маълум бир миқдор белгиланмаган. 

Ипотека банкидан таълим кредити олиш учун фуқаролар банкнинг филиалларига ҳамда банк хизматлари марказларига мурожаат қилишлари мумкин. Шунингдек, Банкнинг расмий веб-саҳифаси, (78) 150-11-22 ҳамда 1233 қисқа рақамлари орқали батафсил маълумот олишлари мумкин.

ХАЛҚ БАНКИ

Абдуалим САЛИМОВ, Халқ банки Ахборот хизмати раҳбари ўринбосари:

— Бугунги кунга қадар Халқ банки томонидан янги тартиб асосида 176 нафаар талабага 2 млрд. 546 миллион сўм таълим кредити ажратилди. Ушбу таълим кредитларининг йиллик фоиз миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг амалдаги асосий ставкаси, яъни 14 фоиздан берилган. 

Бунда, Марказий банкнинг асосий ставкаси пасайтирилган тақдирда, таълим кредити бўйича фоиз ставкаси мутаносиб равишда пасаяди, Марказий банкнинг асосий ставкаси оширилган тақдирда эса таълим кредити бўйича фоиз ставкаси ўзгаришсиз қолади.

Халқ банкидан таълим кредити олиш учун фуқароларимиз банкнинг барча ҳудудий ва туман (шаҳар) филиалларига мурожаат қилишлари мумкин. Шунингдек, (71) 210-20-02 ҳамда 1106 қисқа рақамлари орқали маълумот олишлари мумкин.

ҚИШЛОҚ ҚУРИЛИШ БАНК

Шуҳрат ОРИПОВ, Қишлоқ қурилиш банк АТБ бошқарув раиси матбуот котиби-маслаҳатчиси:

—Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 июлдаги «Олий таълим ташкилотларида таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПҚ-5203-сон қарорига мувофиқ АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” ҳамда Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ўртасида Бош битим имзоланган. Ушбу битим асосида Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан ПҚ-5203-сон қарор талаблари асосида Банк филиаллари орқали таълим кредитлари ажратиб келинмоқда.

Таълим кредити олиш истагини билдирган талабалар Республикамиз ҳудудида жойлашган Банк филиалларидан бирига мурожаат этишлари мумкин.

Фуқаролар таълим кредити бўйича тушунчага эга бўлиш ҳамда шартлари тўғрисидаги маълумот олиш учун Банкнинг (78) 150-93-39,  (78) 150-00-55 ёки 1254 қисқа телефон рақамлари орқали мурожаат этишлари мумкин. Банк ишонч телефон рақами: (78) 150-10-01

ТУРОНБАНК

Саидамирхон МУБАРОВ, “Туронбанк” АТБ Чакана кредитларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи:

—Тегишли қарорга асосан тижорат банклари қаторида “Туронбанк” томонидан ҳам янги тартибдаги таълим кредитлари ажратиш бошлаб юборилган. Янги тартибдаги таълим кредит шартлари аввалги таълим кредит шартларидан бир мунча енгил. 

Яъни, таълим кредити Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан рўйхатдан ўтган барча таълим ташкилотлари талабаларига 15 йилгача бўлган муддатга ажратилади. Бунда талаба ўқиш даврида кредитнинг фақатгина фоизини тўлайди. Кредитнинг асосий қисмини эса талаба олий ўқув юртини тамомлагандан сўнг, 6 ой ўтиб 7 чи ойдан бошлаб 7 йил мобайнида тўлаб боради.

Кредитнинг йиллик фоиз 14% да белгиланган бунда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий фоиз ставкаси тушган тақдирда кредит фоизи хам мутаносиб равшда тушурилади.

“Туронбанк” АТБ талабаларга янги тартибда таълим кредитларини ажратишни биринчилардан бўлиб амалиётга жорий қилган ва хозирги кунга келиб 250,0 млн сўмга яқин таълим кредитлари ажратди ва ажратишда давом этмоқда.

Талим кредитини олиш истагини билдирган талабалар “Туронбанк” АТБнинг барча филиаллари ҳамда Банк хизматлар офисларига мурожат қилишлари мумкин. Батафсил маълумотлар учун: 1220 қисқа рақами.

HAMKORBANK

Hamkorbank ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳозирги кунга келиб Hamkorbank янги тартибга асосан таълим кредитларини ажратиб келмоқда. Таълим кредитлари кундузги таълим шаклида бакалавриат ва магистратурага тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилган талабалар учун ажратилади.

2021 йил сентябрь ойи ҳолатига янги тартибга асосан 13та таълим кредити учун 215 млн сум ажратилган. Кредит йиллик фоиз миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг амалдаги асосий ставкаси, яъни 14 фоиздан берилган. Бунда, Марказий банкнинг асосий ставкаси пасайтирилган тақдирда, таълим кредити бўйича фоиз ставкаси мутаносиб равишда пасаяди, Марказий банкнинг асосий ставкаси оширилган тақдирда эса таълим кредити бўйича фоиз ставкаси ўзгаришсиз қолади.

Таълим кредитини Hamkorbank исталган филиалида расмийлаштириш мумкин. Кредит бўйича бошқа маълумотларни билиш учун 1256 қисқа рақамига ёки 0 800 1-200-200 рақамига қўнғироқ қилиш мумкин.

ЎЗМИЛЛИЙБАНК

“Ўзмиллийбанк” ахборот хизматининг хабар беришича, бугунги кунга қадар “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан янги тартиб асосида 128 нафаар талабага 1 млрд. 946 миллион сўм таълим кредити ажратилди. Ушбу таълим кредитларининг йиллик фоиз миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг амалдаги асосий ставкаси, яъни 14 фоиздан берилган. 

Бунда, Марказий банкнинг асосий ставкаси пасайтирилган тақдирда, таълим кредити бўйича фоиз ставкаси мутаносиб равишда пасаяди, Марказий банкнинг асосий ставкаси оширилган тақдирда эса таълим кредити бўйича фоиз ставкаси ўзгаришсиз қолади.

“Ўзмиллийбанк” АЖдан таълим кредити олиш учун фуқароларимиз банкнинг барча ҳудудий ва туман (шаҳар) филиалларига мурожаат қилишлари мумкин. Шунингдек, (78) 148-00-10 рақами орқали маълумот олишлари мумкин.

АСАКАБАНК

Ким Павел Викторович – “Асакабанк” АЖ чакана бизнес Департаменти директори ўринбосари:

— “Асакабанк” АЖ филиаллари ва Банк хизматлари марказлари томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган талабаларга миллий валютада таълим кредитлари ажратилиши йўлга қўйилган.

Янги тартиб жорий қилинганидан сўнг бугунги кунга қадар банк филиаллари томонидан 270 нафар талабага жами 4 млрд 697,7 млн.сўм миқдорида таълим кредитлари ажратилди. 

Банкнинг барча филиаллари ва Банк хизматлари марказларига янги тартибдаги таълим кредитларини расмийлаштириш учун мурожаат қилиш мумкин. Банк қисқа рақами 1152.

МАЪЛУМОТ ЎРНИДА:

Барча тижорат банклари Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 18 августдаги “Олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари ажратишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ҳисобидан тижорат банклари орқали олий таълим ташкилотларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитларини ажратиш тартиби тўғрисидаги низом асосида таълим кредити ажратади. 

Таълим кредитлари бўйича маблағлар олий таълим ташкилотларига тижорат банклари томонидан таълим кредити шартномасида кўрсатилган шартларда ўқув йили мобайнида ўқиш учун йиллик тўловнинг тўлиқ миқдорини белгиланган тартибда, тенг улушларда тўрт қисмга бўлиш йўли билан ўтказилади.

                                                                                   Мафтуна Жўраева суриштирди

Бошқа янгиликлар