Амалдаги тартибларга кўра, ҳайвонот дунёси объектларини республикамиз ҳудудига олиб кириш ёки олиб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни ҳимоя давлат қўмитаси томонидан бериладиган махсус рухсатномалар асосида амалга оширилади.
Республика божхоначилари мазкур тартибларга риоя қилмай ноёб қушларни божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтишга уринган шахсларни тўхтатиб қолишди.
Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати "Даракчи"га маълум қилди.
Таъкидланишича, Сирдарё вилояти божхона бошқармасининг тезкор тузилмалари томонидан давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган лочинларни она табиатдан ажратиб олиб, пуллашга уринган шахслар тўхтатиб қолинган.
Тезкор тадбир давомида аввалдан кузатувга олинган шахс бошқарувидаги “Камаз” юк автотранспорт воситаси “Сирдарё” чегара божхона постида тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, салондаги спорт сумкасига 8 бош лочинлар яширилганлиги фош бўлди. Боз устига қушларга шафқатсизларча муносабатда бўлинган, жонзотлар сумкага уларнинг ҳаёти учун хавфли тарзда зичлаб жойлаштирилган.
Шу куни тезкор тадбир Сирдарё туманида ҳам давом эттирилиб, ушбу қушларни сотиб олаётган шахс ҳам қўлга олинади.
Мазкур ҳолатда ушлаб қолинган 8 бош лочинлар Ўзбекистоннинг 2019 йилда чоп этилган Қизил китобига киритилгани ва табиатан камёб ҳисобланиши, уларни овлаш тақиқланиши айтилмоқда.
Маълумот учун, лочинларнинг 6 таси Қизил китобга Итолғи номи билан киритилган бўлиб, улар тобора йўқолиб бораётган тур ҳисобанади.
Суриштирувлар давомида маълум бўлишича, қонунбузарлар ушбу қушларни 280 млн. сўмга пулламоқчи бўлишган.
"Ҳозирда лочинлар Тошкент ҳайвонот боғига вақтинча сақловга топширилди ва мутахассисларнинг доимий назорати остида парваришланмоқда. Ҳолат юзасидан эса божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда",–дейилади хабарда.






