Фарғона вилоят транспорт бошқармаси вакиллари ҳамда Фарғона ва Қўқон шаҳарларида транспорт соҳасида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар Туркиянинг Гебзе шаҳрида жойлашган “Anadolu Isuzu” заводида бўлиб турибдилар, дея хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.
Вилоят ҳокимлиги ҳамда Туркиядаги “Улудағ” автомобиль саноати экспортчилари уюшмаси (Uludağ Otomotiv Endüstrisi İhracatçıları Birliği) ҳамкорлигида уюштирилган ушбу ташрифдан кўзланган мақсад, вилоятимизда йўловчи ташиш тизимини яхшилаш учун хорижда ишлаб чиқарилган замонавий ва қулай автобусларни олиб келиш имкониятларини ўрганишдир.
Вилоятимиз вакиллари “Anadolu Isuzu” заводида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари ҳамда автобусларнинг сифати билан танишдилар. Компания раҳбарлари билан ўтказилган музокараларда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди ва дастлабки келишувларга эришилди.
1965 йилда ташкил этилган ҳамда бугунги кунда асосан шаҳар ичи, шаҳарлараро ҳамда туризм автобуслари ишлаб чиқаришга ихтисослашган ушбу завод, 1983 йилдан бери Япониянинг “Isuzu” компанияси билан ҳамкорликда иш олиб боради. Уч қитъанинг 26 мамлакатига ўз маҳсулотларини экспорт қилиб келаётган ушбу корхона автобуслари, 2003 йилдан бери Европа иттифоқи мамлакатлари бозорига ҳам кенг сотилади.






