Шавкат Мирзиёев тошкентликлар билан учрашувларидан бирида Тошкент шаҳридаги ҳар бир маҳаллага 2 миллиард сўм ажратлишини айтган эди. Ҳозирда бу маблағлар мақсадли сарфланиб, пойтахт маҳаллари кўчалари таъмирланиб, болалар майдончалари, автотураргоҳлар қурилмоқда.
“Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқуловнинг президентликка номзод Шавкат Мирзиёев иштирокидаги йиғилишдан хабар беришича, эндиликда Тошкент шаҳридаги 575 та маҳаллани ривожлантириш бўйича шаҳар ҳокимлиги қошида алоҳида жамғарма ташкил этилади ҳамда ҳар бир маҳаллага 10 миллиард сўмдан ажратилади.
Амалдаги президент ажратилган маблағларни жамоатчилик таклифлари ва уларнинг бевосита назорати остида сарфланаётгани ўз самарасини берганини таъкидлаб, бу маблағлар қаерларга қандай сарфланиши ҳақида ҳам маълум қилди.
“Бу шаҳар бўйича қарийб 600 миллион доллар маблағ деганидир. Бунда, ушбу маблағларнинг 5 миллиард сўми аҳоли таклифлари асосида, очиқ ва шаффоф “Фуқаролар бюджети” тизимидан фойдаланиб, энг долзарб бўлган ижтимоий ва коммунал лойиҳаларга сарфланади. Яна 5 миллиард сўми эса, маҳаллада бандликни таъминлаш, кичик ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Ушбу маблағдан самарали фойдаланишга янги иш бошлайдиган ҳоким ёрдамчилари масъул бўлади”, деди у.






